ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг штамми ҳақида маълумот берди.
Ҳозирда Буюк Британия олимлари у ерда коронавируснинг янгиланган штамми тарқалаётгани ҳақида айтишмоқда. Уларнинг таъкидлашича, бу турнинг аввалги коронавирус инфекциясига нисбатан юқумлилиги 71 фоиз бўлиб, одатий COVID-19га қараганда ўта юқумлидир.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаеванинг сўзларига кўра, ҳар қандай вирус атроф-муҳитга мослашиш даврида мутацияга учрайди. Мутациянинг қанчалик кенг кўламда бўлиши вируснинг тарқалувчанлиги билан боғлиқ, яъни касалликни юқтирган ҳар учинчи, тўртинчи одамда бу вирус мутацияси кузатилади. Коронавируснинг кенг тарқалаётган мутацион штамми сентябрь ойида биринчи бор Буюк Британияда аниқланган, бугунги кунда 60 нафардан ортиқ провинцияда бу штамм кузатилаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Олимларни кузатиши бўйича COVID-19нинг мазкур штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Лекин бу штамм аниқланганига хали кўп вақт бўлмагани боис, касалликнинг оғир ва ўта оғир даражада кечуви ҳақида маълумотлар етарли эмас. Бу эса бизни янада ҳушёр бўлишга чорлайди.
“Янги штамм таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади. Коронавирус мутацияга учраб, ўз генетик штаммини ўзгартирса ҳам вакциналар унинг янги штаммларига таъсир кўрсатиши тўғрисида Буюк Британия ва Россия олимлари таъкидлаб келмоқда”, - дейди Севара Убайдуллаева.
Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади. Дунё олимлари вирус вакцинага қарши тура оладиган мутантларни келтириб чиқарса, коронавирусга қарши вакциналарни касалликка мослаштириб бориш мумкинлиги ҳақида айтишмоқда.
Британияда аниқланган коронавируснинг янги мутацияси дунёни саросимага солмоқда
Мутахассис унгача касалликдан ҳимояланиш учун эса, доимий равишда карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кераклигини таъкидлади.
Жумладан:
- ниқобларни тўғри тақиш ва ўз вақтида алмаштириш;
- уйдан ташқарига чиққанда ўзаро масофани сақлаш;
- қўлларни доим совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш;
- уйга қайтганда, оила аъзолари билан кўришишдан олдин кийимларни алмаштириш, қўлларни совунлаб 20 сониядан кўп ювиш, томоқ ва бурунни 3 мартадан ортиқ иссиқроқ сувда чайиш, юзларни ювиш;
- соғлом ва рационал овқатланиш, мева сабзавотларга бой овқат махсулотларини истеъмол қилиш (овқат тўлиқ термик таъсирдан ўтган бўлиши керак);
- енгил жисмоний ҳаракатлар билан доимий шуғулланиш, нафас машқларини бажариш ва аста-секин жисмоний фаолликни кўпайтириб бориш лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон бир неча давлатлар, жумладан, Буюк Британия билан ҳам авиақатновларни вақтинча тўхтатган эди.