ТОШКЕНТ, 26 дек - Sputnik. Бош вазир ўринбосари Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги делегация Россия меҳнат ва бандлик бўйича федерал хизмати билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон томони россиялик шерикларни мамлакатда ташкиллаштирилган, хавфсиз ва легал меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этди.
РФ вакиллари Россия ҳудудида ташкиллаштирилган рақамли меҳнат миграцияси тизими ишлаб чиқилаётгани ҳақида гапирдилар.
Ушбу тизимга Ўзбекистон Ташқи миграцияси агентлиги ҳам қўшилиши борасида келишувга эришилган. Бунда агентлик персонал кабинети Умумроссия вакинсиялар базаси - "Работа в России"га қўшиб қўйилади.
Ўзбекистонда касб ва тил ўрганган фуқароларнинг резюмелари россиялик иш берувчиларга ахборот тарзида ушбу рақамли тизимга киритилади.
Худди шу куни "Многофункциональный миграционный центр" давлат бюджет ташкилоти ва "Ишга марҳамат" мономаркази ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Ўзбекистондан Россия Федерациясига, хусусан Москвадаги корхоналарга ташкиллаштирилган тартибда меҳнат мигрантларини жалб қилиш, ишга жойлашиш учун патентни расмийлаштиришни йўлга қўйиш мақсадида Тошкентда Россиянинг "Многофункциональный миграционный центр" филиали ташкил этилади.
ММЦ москвалик иш берувчиларнинг ўзбек ишчилари олдидаги мажбуриятлари қанчалик бажарилаётганини мониторинг қилиб боради.
Коронавирусга қарши курашиш тезкор штаби қарори асосида Россиянинг "ПЭК" ва "Техагро" компанияларининг 14 нафар мутахассислари ўзбек делегацияси билан биргаликда Ўзбекистонга учдилар. Улар 2000 нафар Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида меҳнат фаолиятига жалб этишади.