ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин бошқа мамлакатдаги ҳамкасблари билан Россияда мигрантлар етишмаслиги масаласини муҳокама қилади.
Бу ҳақда у Давлат кенгаши стратегик ривожланиш ва миллий лойиҳалар кенгашининг қўшма йиғилишида маълум қилди.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов пандемия туфайли жорий этилган чекловлар қурилишларда ишчилар кучи етишмаслигини келтириб чиқаргани ҳақидаги масалани кўтарди. У Путиндан ҳукуматга меҳнат ресурслари ўта тақчил бўлган жойларга мигрантларни саралаб киритишни ташкил этиш масаласини ишлаб чиқишни топширишни илтимос қилди.
“<...> бизга меҳнат мигрантлари келадиган мамлакатдаги ҳамкасбларим билан буни муҳокама қиламан”, - деди Путин. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Эслатиб ўтамиз, Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин ҳам давлат раҳбаридан қурилишда ишчи кучи етишмаслиги масаласини кўриб чиқишни илтимос қилган эди.