ТОШКЕНТ, 25 дек - Sputnik. Ўзбекистонда мусулмон давлатлари учун “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очишни таклиф қилинди, деб хабар қилмоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Ушбу таклиф Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Халқаро Ислом академияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда билдирилди.
Азиз Абдуҳакимов “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни таклиф этди, - дейилган хабарда.
Халқаро ислом академияси вакиллари эса, соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланишни таклиф қилишди.
Хусусан, академия бинолари, конференция заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш таклиф қилинди.
Шунингдек Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.
Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми
Статистик маълумотларда қайд этилишига кўра, 2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 %, Малайзиядан - 158 %, Туркиядан – 154 %, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 %га ошган.
Ундан ташқари “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олган.