ТОШКЕНТ, 22 дек - Sputnik. Ўзбекистонда биринчи галда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғчалар тарбиячилари эмланади, деб маълум қилди "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғининг ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Нурмат Атабеков.
Атабековнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX альянси орқали 2 млн доза вакцина сўраб мурожаат қилган. Ўзбекистон аризаси қабул қилинган.
"Модомики қайсидир вакцина Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланса, у Ўзбекистонга олиб келингач, биринчи галда 65 ёшдан юқори бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, боғчалар тарбиячилари эмланади", - деган Атабеков.
Сал олдин Ўзбекистон ва Россия Россияга ишлашга кетаётган меҳнат мигрантларини эмлаш учун коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг 1 миллион дозасини етказиб бериш тўғрисида битим имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон коронавирусга қарши Россия вакцинасини харид қилишга қизиқиш билдирмоқда. Инсон аденовирус векторлари платформаси асосида яратилган, дунёда биринчи бўлиб рўйхатга олинган “Спутник V” вакцинасини Ўзбекистонга декабрь ойида хизмат сафари билан бўлган Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров шахсан олиб келган эди.