ТОШКЕНТ, 1 дек - Sputnik. Самарқанд вилояти Нарпай туманида 33 ёшли эркак таниш аёлини боғда уриб ўлдирди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Ҳодиса 27 ноябрь куни кечаси Нарпай туманидаги маҳаллаларнинг бирида юз берган.
Ўлмас қишлоғида яшовчи фуқаро - 33 ёшли Жаҳонбек 7 нафар танишлари билан биргаликда кафелардан бирида овқатланиб ўтирганида, спиртли ичимлик истеъмол қилгач, таниши 34 ёшли Гулмира билан ўрталарида келишмовчилик келиб чиққан.
Можаро вақтида эркак аёлни шу атрофдаги боғнинг ичига олиб бориб, танасининг турли қисмларига қўли ва оёқлари билан уриб, тепиб тан жароҳати етказган.
Шундан сўнг эркак аёлнинг аҳволини кўриб, унга тиббий ёрдам кўрсатиш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида "Тез ёрдам" чақирган.
Бироқ, Гулмира олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида марҳума Гулмира Т.,нинг эгнидаги кийимлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Жахонгир Д.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми "д" банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш мақсадида одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича Жахонгир Д., гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.