ТОШКЕНТ, 8 авг - Sputnik. Самарқанд вилоятида 34 ёшли эркак ўз синглисига SMS хабарлар юборган 27 ёшли фуқарони ўлдирди, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот-хизмати.
Ҳодиса 4 август куни Иштихон туманида содир бўлган.
34 ёшли Ш.Й. ҳамқишлоғи 27 ёшли Н.Б.ни чақириб, синглиси 18 ёшли М.Д.га нима мақсадда SMS-хабар жўнатаётганини сўраган.
Учрашув давомида фуқаролар ўзаро жанжаллашиб қолишган, жанжал давомида Ш.Й. мушти билан Н.Б.нинг бош соҳасига уриб тан жароҳати етказган. Натижада Н.Б. тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Лекин кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЎзР ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми "д" банди (жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов куни кеча Сенатда чиқиши давомида жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида 21 535 та жиноятлар қайд этилгани ҳақида маълумот берган. Олти ой давомида қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (71 таси, 35%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 76 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.