ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Тошкент шаҳрида қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг деярли ярми ёшлар томонидан содир этилган. Тошкент шаҳри криминоген жиҳатдан республикада 1-ўринни олган. Бу ҳақда бугун, жума куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида айтиб ўтилди.
Мажлисда таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар натижасида пойтахт ҳудудида содир этилган умумий жиноятлар 430 тага ёки 6 фоизга камайгани қайд этилган. Пойтахтдаги 514 та МФЙдан 76 тасида ёки 14,8 фоиз жиноятлар содир этилмаган ва 369 тасида ёки 72,1 фоиз камайишига эришилган бўлиб, 40 тасида ошган.
Қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг деярли ярми ёшлар томонидан содир этилган бўлиб, республикада энг ёмон салбий кўрсаткични қайд этган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида жиноят содир этган шахсларнинг деярли ҳар учинчиси ёшлар ҳамда ҳар тўртинчиси ишсизларни ташкил этади.
Жами 79 нафар вояга етмаган шахс томонидан 1 тадан қотиллик, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари, 5 тадан оғир тан жароҳати етказиш ва босқинчилик, 3 та фирибгарлик, 8 та талончилик, 36 та ўғрилик жиноятлари содир этилган.
Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар ўн биринчисини ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятларни ташкил этган.
Ўз навбатида, 2020 йилнинг 5 ойи мобайнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилиб, криминоген вазиятга баҳо берилди.
Жумладан, шаҳарда 896 та оғир ва ўта оғир жиноят қайд этилган бўлиб, республикада салбий 1-ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудида 1 245 та содир этилган жиноятларнинг жами жиноятга нисбатан салмоғи 43 %ни ташкил этиб, шу турдаги жиноятлар ҳам республикада салбий 1-ўринни қайд этган.
Жами қотиллик жиноятларининг 9 таси ёшлар, 4 таси хотин-қизлар, 3 таси илгари судланганлар, 8 таси маст ҳолда ҳамда 14 таси ўткир тиғли жисмдан фойдаланиб содир этилган.
Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар еттинчиси ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятларни ташкил этган.