ТОШКЕНТ, 25 ноя - Sputnik. Фарғоналик ўсмир долларни банк муассасасида алмаштирмаслик оқибатида талончилар ҳужумига учради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Хабарда айтилишича, ҳодиса 19 ноябрь куни кундузи рўй берган.
17 ёшли Жалолиддин номаълум шахсларга - долларфурушларга 300 АҚШ долларини сўмга алмаштириб бериш илтимоси билан мурожаат қилган. Долларфурушлар йигитчанинг қўлига 150 минг сўм пул бериб, ундан 300 АҚШ долларини олиб, қолган пулларни автомашинадан олиб беришини айтишган ва "Spark" автомашинасига ўтириб, қочиб кетишган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, уддабурро долларфуруш ушланган. Маълум бўлишича, у 22 ёшли Шавкат исмли йигит бўлиб, терговга қадар текширув жараёнида бу ишни шахсини аниқлаш имкони бўлмаган "Ислом" ва "Элёр" исмли ҳамтовоқлари билан олдиндан тил бириктирган ҳолда амалга оширгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Шавкат М., ҳамда бошқа номаълум шахсларга нисбатан Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми "в" банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, Шавкат М., гумон қилинувчи тариқасида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Шавкатжон М., нинг жиноий шерикларини шахсини аниқлаш мақсадида, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.