ТОШКЕНТ, 25 ноя - Sputnik. АҚШ президентлигида ўзининг ғалабаси ҳақида эълон қилган Жо Байден, ўз президентлигининг биринчи юз кунини миграцияга оид ислоҳотлар ва коронавирусга қарши курашга бағишлашини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
"Мен сенатга иммигрантлар ҳақидаги қонунни йўллайман, бу ҳужжат 11 миллион нафар рўйхатдан ўтказилмаган инсонларга фуқароликни олишга йўл очади", - деб айтган Байден NBC телеканалига берган интервьюсида.
Сиёсатчи, шунингдек, амалдаги президент Дональд Трампнинг айрим қарорларини бекор қилиш ниятида эканлигини қўшимча қилган. Байденнинг фикрича, ушбу қарорлар иқлим ва инсонлар саломатлигига зиён етказган.
Байден, шунингдек, Трампга нисбатан суриштирув ўтказиш ташаббусини илгари сурмаслигини, ва жамики ҳаракатларини америка жамиятига ўзига нисбатан ишончни қайтаришга йўналтиришини маълум қилган.
Шу билан бирга, сиёсатчи, у ҳукмронлик қиладиган йиллар Барак Обаманинг "учинчи муддатига" айланмаслигини айтган. Байден Обама даврида саккиз йил давомида вице-президент лавозимини эгаллаган.
"Биз мутлақо бошқа дунёга рўбаро бўлдик. Президент Трамп ландшафтни ўзгартириб юборди. Энди бу "Ёлғиз Америка", - деб қўшимча қилган Байден.
АҚШ президентлигига сайловлар 3 ноябр куни бўлиб ўтган, аммо унинг якунлари ҳозирча эълон қилингани йўқ. Америка ОАВ маълумотларига кўра, демократлар партиясидан бўлган номзод ғалаба учун сайловчиларнинг етарлича овозига эга бўлган. Дунёнинг айрим етакчилари Байденни давлат раҳбари лавозимига сайлангани билан муборакбод этишга улгурдилар.
Охирги сутка давомида АҚШнинг бир йўла учта муҳим аҳамиятга эга штатлари - Пенсильвания (20 сайловчи), Мичиган (16) ва Невада (6) - Байден ғалаба қозонганини тасдиқлади.
Трамп ўз рақибларини "сайловни ўғирлаш"га ҳаракат қилганликда айбламоқда. Президент адвокати Руди Жулиани сайловлар давомида бўлган қонунбузарликлар тизимли характерга эга бўлганини тасдиқлади. Шу билан бирга Оқ уйнинг амалдаги хўжайини Байденга ҳукуматни топширишга тайёргарлик кўриш буйруғини берган.
АҚШнинг навбатдаги раҳбари 2021 йилнинг 20 январида қасамёд қилиши кутилмоқда.