ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. "Потребитель.уз" ҳамжамиятининг телеграмдаги саҳифасида "лойқаранг тухумлар" муаммоси кўтарилди.
Гуруҳ иштирокчиларининг сўзларига кўра, тухумлар бадбўй ҳидга ёки таъмга эга эмас, аммо кўринишидан ҳар қандай иштаҳани бўғишга қодир. Харидорлар бундай тухумлар сотилган 300дан ортиқ манзилларни айтиб ўтишган.
Хусусан, Havas, "Макро", "Корзинка", Green Apple каби супермаркетлар, Тошкентнинг деярли барча йирик бозорларида шундай тухумлар сотилган.
Шунингдек, Тошкент вилоятидан ҳам "лойқа ранг тухумлар"дан шикоятлар бўлган.
Ҳамжамият администратори Лилия Николенконинг айтишича, тухумлар Master Chef ва 365 kun маркалари остида, катта яшил рангдаги "М" ҳарфи туширилган ёрлиқларга ўралган, шунингдек, ёрлиқларсиз ҳам сотилган.
"Парранда саноат" уюшмаси ушбу шикоятларга жавобан, тухум сариғининг лойқа рангга келиб қолиши сабабини тухум қўядиган товуқларнинг нотўғри озиқлантирилишида, дея тушунтирган.
Товуқлар рационига комбикормнинг умумий ҳажмидан 3%гача пахта чигитини киритишга рухсат берилган. Аммо соя ва кунгабоқар тўпонининг қимматлашуви ва танқислиги туфайли парранда фермалари бу рақамни 5-8%гача кўтаришга мажбур қилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, тухум қўядиган товуқлар рационига озиқ-овқат маҳсулотлари (котлет, балиқ, жўжа, бўғирсоқ, картошка чипслари) қовурилишидан қолган қайта ишланган ўсимлик ёғи қўшилиши ҳам тухум сариғининг лойқа рангга айланишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Парранда боқувчиларининг сўнгги вақтларда қайта ишланган ёғни сотиб олиш ҳақидаги эълонлари бу версияни билвосита тасдиқламоқда.
"Потребитель.уз" уюшмаси барча парранда боқиладиган фабрикаларга паррандалар рационига амал қилиш ва рацион сифатини яхшилаш, шунингдек, комбикорм таркибига кирувчи ем компонентларини синчковлик билан таҳлил қилиш бўйича қатъий чоралар кўришни тавсия этган.
Маълум бўлишича, йирик супермаркетлар тармоғи ҳозирда "лойқаранг" тухумларни савдодан олиш бўйича чораларни кўрган. Харидорларга эса, агар улар олган тухум сариғи лойқаранг чиққан тақдирда, маҳсулотни дўконга олиб бориб, пулни қайтариб олиш маслаҳат берилмоқда.