ТОШКЕНТ, 17 ноя - Sputnik. Хитой Фанлар академияси Микробиология институти томонидан тайёрланган вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ўтказилиши маълум қилинган эди.
Вакцина "Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва айни вақтда Ўзбекистонга олиб келинган.
Нега айнан бу вакцина ва кўнгиллилар қай тарзда саралаб олинади, деган саволга "Максима" радиосига берган интервьюсида "Инновациялар вазирлиги қошидаги илғор технологиялар маркази директори ўринбосари Алишер Абдуллаев жавоб берган.
"ХХРда ўтказилган 1 ва 2-фаза синовларидан сўнг вакцинанинг буткул хавфсизлиги ўз тасдиғини топгани учун ушбу вакцина танлаб олинди. Таъкидлашим керакки, синовларнинг барча протоколлари, натижалари қатъий белгиланган ва БССТ томонидан верификация қилиб борилади. Нега у хавфсиз? Чунки у нофаол вирусга асосланган. Яъни бир неча турдаги вакциналар мавжуд: хусусан, аденовирус платформасига асосланган, заифлаштирилган вирусдан фойдаланиш технологиясига асосланган вакциналар. Айни дамда эса организмга вируснинг ўзи ёки аденовирус эмас, балки COVID-19ни келтириб чиқарувчи коронавирус вирусининг оқсили киритилади. Шу туфайли ушбу хитой вакцинаси энг хавфсиз саналади", - дея тушунтирган Абдуллаев.
Радио суҳбатдоши сўзларига кўра, кўнгиллилар қуйидаги критерийларга мос келишлари лозим:
- улар 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган эркак ва аёллар бўлиши;
- улар жиддий ёки сурункали касалликларга эга бўлмасликлари лозим; COVID-19 билан оғримаган бўлишлари ва аллергик касалликлари бўлмаслиги;
- танлаб олиш даврида барча кўнгиллилар кўрикдан ўтказилади.
Хитой вакцинасининг 3-фаза синовларида иштирок этмоқчи бўлган кўнгиллилар бўйича эълон ОАВларда эълон қилинади.