ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинасининг клиник синовлари ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказилган.
Музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланган.
Шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган. Клиник синовлар 18 ва ундан катта ёшдаги кўнгилли инсонларда ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон “Вектор” маркази томонидан яратилган коронавирусга қарши вакцина синовларида иштирок этишга қизиқиш билдирган эди. Марказнинг “ЭпиВакКорона” номли вакцинаси 14 октябрь куни рўйхатга олинди. Бу коронавирусга қарши Россиянинг иккинчи вакцинасидир.