ТОШКЕНТ, 14 ноя - Sputnik. Қирғизистон президентлигига ҳужжат топшириш муддати якунланиб бораётган бир вақтда номзодлар сони 50дан ошди. Бундай рақамлар республика марказий сайлов қўмитаси томонидан келтирилган.
Номзодлар орасида - президент в.б. Садир Жапаров ҳам бор. У МСҚга ҳужжат топширган, аммо номзод сифатида рўйхатдан ўтказилиши учун қонунга мувофиқ давлат раҳбари ва бош вазир ваколатларини 15 ноябр соат 00.00га қадар ўзидан сокит қилиши лозим.
Журналистларга бир оз аввал берилган маълумотларга кўра, Жапаров бу ишни 14 ноябр куни кечқурун амалга оширмоқчи.
Парламентнинг собиқ спикери Канат Исаев ҳам президентлик пойгасида қатнашиш истагини билдирди. Сайловларда иштирок этиш учун у 4 ноябр куни қонунчилик кенгаши раҳбари лавозимидан истеъфога чиқди.
Номзодлар орасида бошқа бир қатор машҳур сиёсатчилар ҳам бор.
Ўтган парламент сайловларида тўртинчи ўринни эгаллаган ва натижалари кейинроқ бекор қилинган "Бутун Кыргызстан" партияси етакчиси - Адахон Мадумаров давлат ҳам раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда. Шунингдек, сайловларда Мадумаровнинг партиядаги шериги ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам қатнашади.
Номзодлардан яна бири - мамлакат Конституциявий палатасининг собиқ судьяси ва мухолифатдаги "Ислоҳотлар" партияси етакчиси Клара Сооронқуловадир. Октябр ойи бошида бўлиб ўтган парламент сайловларида унинг сиёсий бирлашмаси 1,5% овозга эга бўлган.
Шунингдек, номзодлар орасида қатор собиқ парламент аъзолари, фуқаролик фаоллари, ўқитувчилар, юристлар, пенсионерлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ва ўндан ортиқ вақтинча ишсизлар ҳам бор. Бир киши - сиёсатшунос Бақит Бакетаев ҳужжатларни топширгандан сўнг, ўз ихтиёри билан сайлов пойгасидан чиқиб кетди.
Қирғизистонда президент сайловлари 2021 йил 10 январь куни бўлиб ўтиши керак.