ТОШКЕНТ, 4 ноя — Sputnik. Ўзбекистон товарларни АҚШга божсиз етказиб бериш ҳуқуқини сақлаб қолди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, 30 октябрь куни АҚШ президенти администрациясининг Савдо вакили (USTR) Р.Лайтхазер Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазирига ишчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мезони бўйича Ўзбекистонга нисбатан Преференциялар бош тизимининг (ПБТ) қўлланилишини қайта кўриб чиқиш жараёнини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида хат юборган.
“Ушбу қарор билан АҚШ Савдо вакили Ўзбекистоннинг АҚШ билан божсиз савдо қилиш режимидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолди ва шу билан бирга, Республикага нисбатан 12 йил давомида очиқ бўлиб келган мажбурий меҳнат бўйича ишни ёпди”, - дейилган хабарда.
Преференциялар бош тизими - 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонунига мувофиқ ривожланаётган мамлакатлардан АҚШ ҳудудига товарларни олиб кириш борасидаги импортга нисбатан ўрнатилган божсиз режимдир. 1994 йилнинг август ойида Ўзбекистонга ПБТ бенефициари мақоми (АҚШга товарларни божсиз етказиб бериш ҳуқуқи) берилди.
АҚШ Савдо вакилининг ҳатида ушбу қарорни қабул қилишнинг асосий омиллари бу – Ўзбекистон ҳукумати томонидан ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экани таъкидланади.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар натижасида кетма-кет беш йил давомида болалар меҳнатидан тизимли фойдаланиш ҳолатлари бартараф этилиши ва мажбурий меҳнатнинг сезиларли даражада камайиши эътироф этилмоқда.
Ўзбекистоннинг бошқа салмоқли ютуқлари қаторида АҚШ Савдо вакили пахта йиғим-терими мажбурий ҳажмларнинг бекор қилиниши ва пахта теримчилари учун ҳақ тўлаш миқдорларининг сезиларли даражада ошишини таъкидлади, бунинг натижасида эса мажбурий меҳнат амалиёти бартараф этилиши учун шароитлар яратилди.