ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. “Қурилиш соҳасида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Қурилиш ташкилотлари томонидан ўз яширин фаолиятини ихтиёрий равишда қонунийлаштириши учун 2020 йил 1 декабрдан қуйидаги рағбатлантириш механизмлари жорий қилиш таклиф этилмоқда:
а) норасмий бандлик ҳолатлари кузатилмаган ёки яширин фаолиятни тўлиқ бартараф этган қурилиш ташкилотлари реестри юритилади.
Реестрга кирган қурилиш ташкилотларга қурилиш объектларида бажарилган ишлар учун буюртмачи томонидан маблағ ажратилгунга қадар даромад ва иш ҳақидан бўлган солиқларни тўлаш муддатини мутаносиб равишда узайтиришга рухсат этилади.
б) ўрганиш жараёнида нолегал ходимларни расмийлаштирган қурилиш ташкилотига уларнинг касбий малакасини ошириш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш ва шахсий ҳимоялаш воситаларини харид қилиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия берилади. Бунда:
субсидия касбий малакани ошириш учун ҳар бир ходим учун 6 ой муддатгача ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдоригача, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш ва шахсий ҳимоялаш воситаларини харид қилиш учун бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдоригача берилади;
ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган норасмий ишлаётган ходимларга уларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш, малакасини ошириш учун касб-ҳунарга ўқитиш марказларига йўлланма берилади, бунда иш берувчи томонидан ушбу ходимларни ўқишдан кейин расмий равишда ишга олиш бўйича кафолати олинади.
в) қурилиш ташқилотлари томонидан 2020 йил 1 декабрга қадар ишчиларга норасмий иш ҳақи тўланган холатлар юзасидан ҳуқуқий чоралар қўлланилмайди ва юзага келиб чиқиши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ ва мажбурий тўловлардан воз кечилади, бир йил ичида ишчиларига норасмий иш ҳақи тўланган холатлар аниқланган қурилиш ташкилотлар бундан мустасно.
Қурилиш ташкилотларига айрим қурилиш ишлари турлари бўйича ўзини ўзи банд қилган шахсларни хизмат кўрсатиш шартномаси асосида жалб этишга рухсат бериш кўрсатилмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва суғурта компаниялари томонидан иш берувчилар, шу жумладан қурилиш ташкилотлари ўз фуқаролик жавобгарликларини мажбурий суғурта қилганлигини биргаликда мониторинг қилиш тажрибаси жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фаолиятида ходимлар сонини яшириш аниқланган ҳолатлари бўйича мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинишини назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.