ТОШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Саидов Бош консулхонанинг очилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, барча соҳаларда амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистон вилоятлари ва Хитой жанубий провинциялари ўртасидаги ўзаро товар алмашув ҳажмларини кўпайтиришга қўшимча туртки беришини қайд этди.
Йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Гуандун, Фуцзянь, Хунань, Хайнань провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани ушбу Бош консулхона округига киради.
Маросим доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.