ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон Хитойдан олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 млрд долларга, Жанубий Кореядан эса 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Вазирликда Хитой ва Жанубий Корея билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, давлати раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда яқин идоралараро кооперацияни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан тегишли вазирлик ва идораларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат махсус ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида топшириқ берилди. Мазкур ишчи гуруҳнинг вазифаси хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан лойиҳа ва ташаббусларни имплементация қилишни жадаллаштириш бўйича амалий ишларни олиб бориш бўлади.
“2025 йилга бориб, Хитойдан олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 млрд долларга, Корея Республикасидан эса 1 млрд долларга етказиш режалаштирилган”, - дейилган хабарда.
Шу билан бирга, 2025 йилга бориб Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 млрд долларни, Жанубий Кореяга эса камида 800 млн долларни ташкил этиши керак.
Муҳокама якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “Йўл хариталарини” тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Хитой ҳамда Корея Республикаси билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказган эди.