ТОШКЕНТ, 27 окт - Sputnik. Эртага республика шимолига Россиянинг Европа қисми (Москва области)дан Волгабўйи орқали совуқ антициклон кира бошлайди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.
Эртага, 28 октябрда совуқ ҳаво бутун республика ҳудудига тарқалади, ҳарорат фони 8-10 даража пасаяди.
Аксарият вилоятларда кундузги ҳаво ҳарорати 10-13 даража атрофида бўлади. Кучсиз, асосан қор кўринишидаги ёғинлар мамлакатнинг тоғли ва баланд тоғли ҳудудларида кузатилиши мумкин.
Илиқ ва совуқ ҳаво оқимларининг босимлари тафовути республика ҳудуди бўйича шамолнинг тезлиги секундига 17-22 метргача кучайишига олиб келади.
Совуқ ҳаво оқимининг таъсири 29 октябрда ва 30 октябрда кечаси сақланиб туради, 30 октябрда кундузи антициклон шимоли-шарққа чекина бошлайди ва ҳаво аста-секин исийди.
29 ва 30 октябрь кунлари тунги ҳаво ҳарорати 0-3 даража илиққача тушади, айрим жойларда ҳавода биринчи аёз кузатилади — ҳарорат 1-2 даража совуқ бўлади. 29 октябрда кундузи 10-13 даража илиқ атрофида бўлади, 30 октябрда эса бироз — 13-16 даражагача исийди. Бу кунларнинг ҳарорати октябрь ойи учун хос бўлган меъёрий қийматлардан 7-9 даражага паст бўлади.
31 октябрда Ўзбекистон ҳудудига Эрон томондан иссиқ ҳаво кира бошлайди. Тунги аёз тўхтайди, кундузи эса ҳарорат 18 даража, айрим жойларда ундан ҳам юқори бўлади.