ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Беларус ҳукумати 22 октябрдан чет элликларга 24 соат давомида республика ҳудудидан COVID-19 коронавируси йўқлиги ҳақидаги маълумотномасиз транзитни амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда сешанба куни мамлакат чегара қўмитаси матбуот-хизмати хабар берди.
"22 октябр 00:00дан Беларусдан транзит ўтаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чегарада COVID-19 мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома керак бўлмайди. Шунингдек, бу шахсларга ўн кунлик ўз-ўзини яккалаш тартиби ҳам дахл қилмайди", - дейилади хабарда.
Юқоридаги ҳолатда Беларус орқали транзитни амалга ошираётган шахс Беларусдан 24 соат ичида транзит ўтишини ҳужжат билан тасдиқлаши керак бўлади. Ўтиш ҳужжати (чипта), Беларус транзит визаси, шахс йўл олган мамлакат органи (ташкилоти)нинг расмий таклифномаси, соғломлаштирувчи муассасага йўлланма ва бошқа ҳужжатлар шундай ҳужжат сифатида қайдга олиниши мумкин.
24 соатлик транзитни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Беларусга маълумотномасиз ва ўз-ўзини яккалаш шартига амал қилмаган ҳолда кириб келишларига рухсат берилади. Аммо бу ҳолатда чегара хизматчилари мамлакатга кириб келган шахсга "ташриф буюрувчи анкетаси"ни беришади. Унда меҳмон "Беларусь Республикаси орқали 24 соатдан ошмайдиган транзит" ёзувини қолдириши лозим бўлади.
Шахс ушбу анкетани ўзида сақлаши ва мамлакатдан чиқиб кетаётганида чегара хизматчисига тақдим этиши керак бўлади.
Қайд этилишича, 24 соат ичида мамлакатдан чиқиб кетишга улгурмайдиган шахслар чегарада коронавирус йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишлари керак бўлади. Бундай маълумотномани олиш учун соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий ташкилотларига мурожаат қилиш талаб этилади, деб таъкидланган хабарда.