ТОШКЕНТ, 1 сен — Sputnik. Ўзбекистон барча турдаги халқаро қатновларни босқичма-босқич тиклайди.
Маълум бўлишича, комиссия қарори билан коронавирус пандемияси даврида мунтазам халқаро авиақатновларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик йўриқнома тасдиқланмоқда.
“Шу боис, тегишли соҳа масъулларига барча турдаги халқаро қатновларни (авиа, темир йўл ва автомобиль) тиклаш бўйича хорижий малакатлар билан музокаралар ўтказган ҳолда қатновларни босқичма-босқич тиклаш чораларини кўриш вазифаси юклатилди”, - дейилган хабарда.
Мазкур вақтинчалик йўриқнома 2020 йил 1 сентябрдан эътиборан кучга кириши ҳамда мазкур йўриқнома кучга киргандан сўнг хориждаги фуқароларни тўлов асосида меҳмонхонага карантинга жойлаштириш шарти билан чартер қатновларини ташкил этиш бўйича туроператорлар ҳамда авиакомпанияларга рухсатномалар бериш амалиёти тўхтатилиши, шу билан бирга аввал берилган рухсатномалар 2020 йил 1 октябрга қадар амал қилиши белгилаб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Беларусь мунтазам парвозларни қайта тиклаш тўғрисида келишувга эришгани хабар қилинган эди.