ТОШКЕНТ, 17 окт - Sputnik. Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида 18 яшар маҳаллий яшовчилардан бири кўчада тарих фани профессори Буа-д'Ольн Сэмюэль П.ни бошини танасидан жудо қилди.
Маълум бўлишича, ўқитувчи сўз эркинлиги бўйича муҳокамалар вақтида синфда Charlie Hebdo журналида эълон қилинган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)ни таҳқирловчи карикатураларни намойиш қилгани учун ундан шу тарзда қасос олинган.
Ҳодиса 16 октябр куни кундузи рўй берган. Хабарларга кўра, мактаб ўқувчиларининг бирининг отаси ўқитувчига кўчада ошхона пичоғи билан ҳамла қилган.
ОАВларда келтирилишича, қотил асли москвалик бўлгани тахмин қилинмоқда. Бу маълумот ҳозирча ўзининг расман тасдиғини топмаган. Россия элчихонаси гумонланаётган шахс бўйича маълумотларга эга бўлиш учун француз ҳукуматига расмий мурожаат юборган.
Қотилликда гумонланган шахс полиция ходимлари томонидан қўшни Эраньи комуннасида отиб ташланган. Қотиллик иши терговига прокуратуранинг аксилтеррор бўлими ҳам жалб қилинган. РИА Новости хабарига кўра, ҳозирда ўқитувчининг ўлдирилиши муносабати билан олиб борилаётган тергов ишлари доирасида тўрт шахс ҳибсга олинган. Улар ўқитувчини ўлдирган қотилнинг яқин танишлари эканлиги айтилмоқда.
Қотиллик юз берган комуннага қатор вазирлар ҳамроҳлигида етиб келган Франция президенти Эммануэль Макрон юз берган ҳодисани теракт, дея атаган.