ТОШКЕНТ, 6 окт – Sputnik. Европа иттифоқи давлатлари элчиларининг бир қисми Беларусдан маслаҳатлашув учун чақириб олинмоқда, бу ҳақда Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
"EEAS (Европа ташқи алоқалар хизмати) ва ЕИ аъзолари бўлган давлатлар билан келишган ҳолда – биз Беларусь Республикасида бўлиб турган элчиларнинг бир қисмини маслаҳатлашув учун чақириб олиш қарорини қабул қилдик", – дейилади хабарда.
Айнан қайси мамлакатлар ўз дипломатик ваколатхоналарини чақириб олишларига аниқлик киритилмаган.
Элчиларнинг чақириб олиниши
Ўтган ҳафтада Беларусь ТИВ томонидан Литва ва Польшага Беларусдаги дипломатлар сонини қисқартириш, шунингдек, маслаҳатлашув учун чақириш таклиф этилган эди. Бундан ташқари, Минск, 5 октябрлан бошлаб ушбу давлатлардаги ўз элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олди.
Беларус ТИВ хабарига кўра, "бу ҳолат ушбу давлатлар томонидан бўлаётган очиқ деструктив (бузғунчилик) фаолияти билан боғлиқ.
Литва ва Польша ҳукумати ушбу шартларни бажариш масаласини кўриб чиқмаётгани ҳақида баёнот берган эди, аммо душанба куни Литва ўз элчисини чақириб олиш қарорини қабул қилган маълум бўлди.
Элчихона штатини қисқартирмаслик бўйича келишувга эришилмади.
Протестлар ва айбловлар
Беларусда протестлар акцияси 9 августда бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг бошланган эди – уларда, МСК маълумотларига кўра, 80%дан ортиқ овоз олган Лукашенко ғалаба қозонганди.
Беларус ҳукумати кўп маротаба акциялар чет элдан туриб мувофиқлаштирилаётгани ҳақида баёнот берган. Президент Александр Лукашенко Ғарб мамлакатларини республика ишларига тўғридан-тўғри аралашувда айблади ва тартибсизликлар АҚШдан йўлланма олаётгани, мувофиқлаштириш ишлари эса Литва, Польша, Украина ва Чехиядан туриб амалга оширилаётганини айтди.
Ўтган ҳафтада Европа иттифоқи Минскка қарши санкциялар киритилишини эълон қилди ва 40га яқин Беларус ҳукумати вакиллари киритилган "қора рўйхатни" чоп этди. Беларус президенти Александр Лукашенко рўйхатдан ўрин олмади.
Минск Беларусь Европа ҳукумати органлари вакилларига нисбатан виза санкцияларини киритишини хабар қилди, аммо беларус ҳукумати ҳозирча уни эълон қилмайди.