ТОШКЕНТ, 3 окт - Sputnik. Бугун харидорнинг талаби ва истагидан келиб чиқиб, мол харид қилиши учун бозорда барча шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлардан ташқари, чет элдан кириб келаётган молларгача харидор ўз хоҳиши ва ҳамёни имконига қараб харид қилиши мумкин. Шунингдек, эътибор берсак, ахборот асрида харидорларнинг ҳам дунёқараши, маданияти бир мунча шаклланган.
Шу боис сотувчилар мол сотаётганда ундан фақат моддий манафаат кўзлаш эмас, балки ҳар бир харидорнинг кўнглига йўл топа билиши, диди, чўнтаги, хоҳиш истагига қараб уларга мос бўлган товарни таклиф қила олиши керак. Бунинг учун эса сотувчи ўзи сотаётган товарлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши, муомала маданияти рисолада, керак бўлса мижознинг кайфияти билан ҳисоблашишга мажбур. Зотан, азалдан савдо ходимлари орасида юритиладиган"Мижоз ҳар доим ҳақ" ибораси ҳам бежизга эмас.
Хўш, бугун Ўзбекистон бозорларида фаолият юритаётган сотувчиларни юқоридаги талабларга юз фоиз жавоб бера олишади деб айта оламизми? Афсуски, бундай сотувчилар бармоқ билан санарли. Айниқса, чет эллик меҳмонлар талаби ва маданиятидан келиб чиқиб фикрласак, бугун бозорда фаолият юритаётган аксарият сотувчиларнинг мижозга хизмат кўрсатиш услуби, уларнинг қиладиган қўрс муомаласи Ўзбекистон имижи ва халқининг маданияти борасида ижобий таассурот уйғотишига шубҳа бор. Бундай хулосага келиш учун эса исталган бозорга тушиб, кузатув ва суриштирув олиб боришнинг ўзи етарли.
"Нима керак эди?", "Нима қидиряпсиз?"
Хойнаҳой, сарлавҳаданоқ, гап нимадалигини тушундингиз... Худди шундай! Сабаби, бугун харидор савдо дўконларини шунчаки айланиб, расталар олдидан эркин ўтолмай қолди, сотувчи кутилмаганда унинг йўлини тўсиб, "Нима керак эди?", "Нима қидирвос?", каби саволларга тутиб, бозорга нима учун келганини ҳам унуттираёзади. Ахир, бозор ўз номи билан бозор, унда сотилаётган товарлар мўл-кўл, харидор ўзига керак бўлган молни ўзи топиб олади. Модомики, унга керакли мол сотувчи дўконида бўлмаса, харидор қимматли вақтини сарфлаб, сотувчига нима қидираётгани ҳақида маълумот беришга мажбурмикан? Наҳотки, сотувчиларда харидор бозор эшигидан кириши биланоқ ўзига керакли бўлган савдо растасига келади, деган саёз тушунча шаклланган бўлса? Бир кунда бозорга тушиши мумкин бўлган минглаб харидорни олсак, улар турли характерга эга бўлиши, кайфияти кўтаринки ёки тушкун бўлиши, эҳтимол, шунчаки вақт ўтказиш ёки сайр қилиш учун ҳам бозорга келган бўлиши мумкинку? Яна шундай сотувчилар борки, улар сизнинг дидингиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди, "фалон нарсани қидираётгандим, аммо сизнинг дўконингизда йўқ экан" дея улардан қутилиб кетолмайсиз. Кайфиятингиз йўқ бўлган ҳолатларда эса табиийки, сотувчиларнинг бундай ёпишиб олиши ғашингизга тегади, "Ҳой, барака топгур, шу ердан ўтсак майлими?!" деб юборгинг келади баъзида.
"Қаерники, билмайман"
Бозорда ўзингизга ёқадиган товарни ушлаб кўриб, унинг қаерда ишлаб чиқарилганлиги, оригиналми ёки оддий ўхшатма товар, ундан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида билмоқчи бўласиз. Аммо ушбу ҳолатда сотувчи энсаси қотиб, сизга "Билмайман" ёки "Олмасангиз ушлаб ташламанг", "Оласизми ўзи", дея қисталанг-қўрс муомала қилади. Бундай сотувчиларни кўриб, уларнинг бозорда нима мақсадда ўтирганликларига тушунолмайсан киши.
Қўлида эса замонавий телефон, бутун вужуди билан унга маҳлиё бўлиб, мижоз кириб келганини кўрмайди, ёки унга ўзи сотаётган товар ҳақида маълумот беришга эринади. Уларнинг ўзи учун қурол қилиб олган, харидорларга қиладиган жанговорона хитобларидан бири эса мана бундай, "Олинг!" "Оласизми ўзи, чўнтагингизда пулингиз борми?"... Наҳотки сотувчи харидорга мана шундай такаббурона муомала қилишга ҳақли бўлса? Харидорнинг пули борми йўқми, сотувчи жамоат жойида бу ҳақда ҳаммага эшиттириши, харидорни ранжитиши ўринлимикан? Умуман, бундай қўпол муомала мижоз кайфиятига салбий таъсир қилиши мумкинлигини сотувчи наҳот ўйламайди?
Аслида сотувчи ўзи сотаётган моли ҳақида батафсил маълумотга эга бўлса, харидорга молнинг бор хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот бериб, керак бўлса хушмуомалалик билан унинг кайфиятини кўтарса, (агар буни эплай олса) у бундан нафақат моддий фойда кўради, балки мижозларининг сонини яна биттага кўпайтириб ҳам олади, шундай эмасми? Аммо негадир сотувчиларда бу борада маҳорат етишмайдими, ёки характеридаги манманликми сабабми, улар бугун харидорларнинг кўриниши, ёки уст-бошига қараб муомала қилишга одатланишгандек...
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси ўринбосари Ғайрат Маматқулов юқоридаги саволлар юзасидан ўз фикрларини баён қилди.
“Истеъмолчи сотиб олмоқчи бўлган товари ҳақида маълумот олишга ҳақли”
— Сотувчиларнинг харидорларга савдо хизматларини кўрсатиши борасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжати бу 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бор. Мазкур қонуннинг 9-моддаси, 2003 йилнинг 13 февралидаги 75-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” қонуни тасдиқлаган.
Юқоридаги қонуннинг 4-моддасига кўра истеъмолчи ўзи сотиб олмоқчи бўлган товарлар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчи олди-сотди жараёнида мазкур товар, унинг истеъмол хусусиятлари ҳақида қандай саволларни бермасин, сотувчи унга бу борада тўғри ва тўлиқ жавобни бериши, қонуннинг 8-моддасига кўра, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши лозим.
Агар растдаги товарларга тегишли тартибда расмийлаштирилган нархномалар қўйилган бўлса ва харидор ушбу товарни сотиб олмоқчи бўлса, сотувчи бу товарни сотишга ўзи томонидан тўлиқ розилик берганлигини кўрсатади. Демак, харидор бирор бир савдо дўконига кириб, унинг растага қўйилган товарларни сотиб олса ҳам олмаса ҳам мазкур товарлар, уларнинг истеъмол хусусиятлари ҳақида сўраб-суриштиришга ҳақи бор. Сотувчилар эса ушбу ҳолатда босиқлик билан тегишли маълумотларни тақдим этишлари лозим.
Бундан ташқари товарнинг нархномаси қанчалик тўлиқ тўлдирилган бўлса, харидор томонидан сотувчига бериладиган аниқлаштирувчи саволлар шунча камроқ бўлади. Оддий мисол. Растага шакар қўйилган ва унга 5000 сўм деган суқма нарх ёзуви қўйилган. Энди айтинг, истеъмолчи ушбу ҳолатда, беихтиёр, бу нима, шакарми, нарх ушбу шакарнинг бир килоси нархими, у қаерда ишлаб чиқарилган, нави қанақа каби саволларни берадими? Беради. Сотувчи бир кунда юзлаб харидорларнинг шунақа саволларига жавоб беришга мажбур бўладими? Бўлади. Сотувчи бунақа саволларга жавоб беравериб, ўзиниям қийнайдими? Қийнайди. Ўнинчи, борингки йигирманчи харидорга борганда асаблариям чарчайдими? Чарчайди. Сотувчи дўконида эса бунақа товарлардан юзлаб борми? Бор. Мана “Оласизми ўзи?” қаердан келиб чиқади. Агар нархнома ҳеч бўлмаганда, “Шакар. Ўзбекистон. Олий нав. 1 кг 5000 сўм” тарзида ёзилганда эди (аслида қонун талаби ҳам шу), сотувчи бир қанча саволлардан холи бўлиб, ўзи ҳам ортиқча чарчамаган бўларди. Мана шу савдо маданиятининг кўринишларидан биридир.
"Сотувчи ахлоқ-одоб қоидаларидан четга чиқмаслиги лозим"...
Энди сотувчиларнинг “Нима керак эди”, “Нима қидиряпсиз” каби саволларга келсак, албатта, сотувчилар товарларини тезроқ сотишни, савдо айланмасини янада кўпайтиришни истайди ва ушбу йўналишда маркетингнинг турли восита ва усулларини қўллайди. Лекин улар ушбу йўналишда маркетингдаги реклама ва тарғибот, шунинг билан биргаликда халқаро майдонда ва миллий савдо-сотиқ жараёнида шаклланган, умумэътироф этилган ахлоқ-одоб қоидалари, анъаналаридан четга чиқиб кетмасликлари лозим. Шунингдек, истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга сотувчилар ҳақли эмас.
“Нега бозорларда бир товарнинг нархлари ҳар хил?”
Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга (8-модда). Демак, Сиз истеъмолчи сифатида мазкур сотувчидан товарнинг тегишли ҳужжатлари билан танишиш орқали нархининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.
Бозор иқтисодиёти шароитида нархлар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)лар томонидан асосан эркин шакллантирилади. Лекин бу мазкур соҳада тўлақонли рақобатнинг шаклланганлиги билан боғлиқдир. Агар бирор бир соҳада рақобат тўлақонли шаклланмаган ёки умуман рақобат йўқ бўлса, давлат мазкур соҳадаги монопол корхоналарнинг инсоф дорасидан четга чиқмасликлари учун тегишли равишда улар томонидан шакллантириладиган нархлар назоратини олиб боради ва қўлида мавжуд воситалар билан уларга таъсир ўтказади. Бундан эса қатъий белгиланган нархлар (тарифлар), улгуржи ёки чакана сотишнинг юқори чегаравий нархлари деган тушунчалар юзага келади.
Қатъий белгиланган нархлар (тарифлар)га электр энергияси, газ, сув, ҳукумат қарори билан белгиланган шаҳар йўловчи ташиш транспортидаги йўл киралар ва бошқа шу каби товар (иш, хизмат)лар учун шакллантириладиган нархларни киритишимиз мумкин. Улгуржи ёки чакана сотишнинг юқори чегаравий нархларига мисол сифатида дорихонада сотилаётган дори воситасини келтиришимиз мумкин. Давлат айрим дори воситаларига уларни сотишнинг юқори нарх чегарасини белгилаб, истеъмолчиларни ижтимоий ҳимоясини таъминлашни, уларни бу борада қўллаб-қувватлашни кўзда тутиши мумкин. Бунда, дори воситасини нархнинг белгиланган энг юқори чегарасидан ўтмасдан, ундан қуйироқдаги нархлар доирасида сотиш мумкин. Мана шу ҳолатда истеъмолчиларда битта дорихонада бошқа нарх, иккинчи дорихонада бошқа нарх деган тасаввур ҳам келиб чиқиши мумкин. Айтайлик, цитрамон дори воситаси учун белгиланган юқори чегаравий нарх 1500 сўм бўлсин. Дорихоналарнинг биринчиси уни 1000 сўм, иккинчиси 1200 сўм, учинчиси 1500 сўм сотаётган бўлса, улардан ҳеч қайсиси амалдаги тартиб қоидаларни бузмаган ҳисобланади. Нархнинг 1500 сўмдан оширилишигина тартиб-қоидалардан четга чиқиш, деб баҳоланади.
Монопол корхоналар томонидан товар (иш, хизмат)ларга нархлар белгилаш, шакллантирилиши ва уни товар бозорларида сотилиши жараёнлари устидан Монополияга қарши курашувчи орган назорат олиб боради.
Товар бозорида рақобат тўғри ва тўлақонли шаклланган соҳаларда эса товарлар (ишлар, хизматлар)нинг нархлари ўзаро рақобат кураши, истеъмолчиларнинг мазкур товарга бўлган талаблари, айрим мавсумий товарлар учун эса шу мавсумнинг кириб келиши каби омиллар таъсирида шаклланади. Ушбу жараён аҳолининг кескин норозиликларига, уларнинг реал даромадларини пасайиб кетишига олиб келмаслиги учун, давлат ўзида мавжуд воситалар ва механизмлар (импорт ва экспортдаги тўсиқларни енгиллатиш, солиқлар, товар бозорида рақобатчиларга тенг шароитлар яратиш ва бошқалар) билан таъсир кўрсатиши ва нархларни бир қадар мувозанатда ушлаб туришга эришиши мумкин.
Товарлардаги "Руками не трогать" ("Қўлингиз билан ушламанг") деган тақиқлар асослими?
Кийим-кечак сотаётган сотувчининг харидорга қўл билан ушламанг, дейиши мантиққа ҳам тўғри келмайди. Харидор кийим-кечакни кийиб кўриш жараёнида уни қўл билан ушлашга мажбур. “Қўлингиз билан ушламанг, мумкин эмас” ёки “Руками не трогат” кўпроқ музейларга қўйилган тарихий, қимматбаҳо экспонатларга нисабатан қўлланилади. Савдоси яхши юришишидан манфаатдор сотувчи эса тақиқлардан қочиб, харидорлар ва уларнинг талабларини сезгирлик билан илғаб олади ҳамда бунга тегишли шарт-шароитларни яратади.
Истеъмолчи ҳам ўз ўрнида сотувчига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, агар қўли бирор-бир нарсадан ифлосланган бўлса, савдо растасидаги товарга у билан зиён етказмаслик чораларини кўриши лозим.
Истеъмолчи товарлар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уларни эркин танлаш, сотиб олаётган товарининг сифатли бўлиши, хавфсиз бўлиши, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун зарар етказилмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга( “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 4-моддаси).
Шунингдек, истеъмолчи сотиб олинган товар сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга (8-модда).
Истеъмолчи товар ва унинг истеъмол хоссалари ҳақида сўраб-суриштириш, айрим товарларнинг ишлатиб кўрсатилиши, ундан қандай тўғри фойдаланишни ўргатилиши, товарнинг бутлигини текшириб олишда уни қўл билан ушлаб кўриш (айрим ҳолатларни истисно этганда), кийим-кечакни кийиб кўриш, вазни тўғри ўлчанаётганлигига амин бўлиш мақсадида ўлчов воситасининг қиёслов кўригидан ўтган ёки ўтмаганлиги билан қизиқиш ҳамда уни тасдиқловчи ҳужжат билан танишиш, товарнинг сифатини тасдиқловчи сертификатини сўраш ва у билан танишишга ҳақли.
Демак, қонун талаблари бўйича сотувчи истеъмолчига юқоридаги ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши бўйича барча шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.
Нооригинал товарларнинг қиммат нархларда сотилиши, сохта брендлар...
Маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган (“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддаси). Маиший кимё товарларида кафолат муддати эмас, балки яроқлилик (сақлаш) муддатлари қўйилади. Бу эса ишлаб чиқарувчининг маиший кимё товарига яроқлилик (сақлаш) муддатлари давомидаги кафиллигини билдиради.
Амалдаги қонуннинг 18-моддасига, шунингдек "Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига кўра, косметика, яъни атторлик-пардоз товарлари сотилгандан, истеъмолда бўлгандан сўнг қайтариб олинмайди. Ушбу қайтариб олинмаслик талаби, фақатгина мазкур товарнинг камчилик ва нуқсонлари бўлса қайтариб олинмаслигига эмас (бундай ҳолатда қайтариб олинади), балки унинг қандайдир истеъмол хусусияти ёқмай қолганлиги билан қайтариб олинмаслиги деб тушунилиши керак. Айтайлик, Сиз сотиб олган атирнинг ҳиди турмуш ўртоғингизга ёқмади. Ушбу сабабни кўрсатган ҳолда уни сотувчига қайтара олмайсиз. Лекин товарда нуқсонлар бўлса, айтайлик сотувчи Сизга қутисини очиб кўриб, унинг ичидаги атир идишининг бутлигини текшириб кўришингизга қўймай қўлингизга тутқазиб юборган атир идишида синиқ, ёриқ ва бошқа нуқсонлар бўлса, атирни сепиб берувчи мосламаси ишламаса ва шу каби бошқа ҳолатларда уни сотувчига қайтаришингиз мумкин.
Энди, атторлик-пардоз буюмларини оригинал, деб алдаб сотиш ҳолатлари бўйича. Агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса, ва бу зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса (бизнинг мисолимизда сохта, қалбаки ёки контрафакт косметика), истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга, яъни бундай маҳсулотни сотувчига қайтариб, пулини қайтариб олиш ҳақлидир.
Агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилган бўлса:
- зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;
- сотиб олинган товар (иш, хизмат)дан кўзланган мақсадда фойдалана олмасликка сабаб бўлса, истеъмолчи тегишли маълумот оқилона қисқа (кўпи билан уч кунлик) муддатда берилишини талаб қилишга ҳақлидир. Агар маълумот айтилган муддатда берилмаса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир;
- истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса, у ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) олдига қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақлидир.
Сотувчилар томонидан буни билган ҳолда, сохта, қалбаки, фальсификат ҳамда контрафакт товарларни сотилиши амалдаги қонунчиликка кўра, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолати ва ҳажмига қараб, тегишли равишда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.