ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ўзбекистонда COVID-19 билан боғлиқ вазият мураккаблашса, оғирлашиб борса, яна карантин чоралари қайтарилиши мумкин. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги кунда карантин чораларини кучайтириш учун жиддий сабабларни кўрмаяпти. Аммо сўнгги вақтда мамлакатда ҳар куни коронавирус билан касалланиш билан боғлиқ 600 дан кўпроқ ҳолат қайд этилмоқда.
“У карантин тадбирларининг юмшатилиши, эпидемик барқарор бўлмаган ҳудудлардан ватандошларимизнинг келиши, шу билан бирга одамларимизнинг карантин бекор қилинмаган, балки юмшатилганини унутиб, ўзлари хоҳлагандек юргани билан боғлиқ. Республикамиз аҳолиси ҳам муайян оддий мажбуриятларга риоя қилиши керак. Агар биз келгусида ҳам эпидемик вазиятнинг мураккаблашишига сабабчи бўлаверсак, ҳукумат бир қатор чеклов тадбирлари, жумладан, шу вақтгача 2 марта қилинганидек, қатъий карантин чораларини ҳам татбиқ этиши мумкин”, - деди у.
Отабеков ҳаммаси фуқароларнинг ўзига боғлиқлигини унутмаслик кераклигини таъкидлади.
У ниқобларни талаб даражасида тақиш, жамоат жойларида ижтимоий масофа сақлаш, антисептиклардан фойдаланиш ҳамда қўлларни тез-тез ювиш кераклигини эслатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Отабеков Ўзбекистонда 15 октябрдан карантин чоралари яна қаттиқ кучайтирилиши хусусидаги миш-мишларга изоҳ берган эди. Карантиннинг кучайтирилиши ва юмшатилиши фуқароларнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқлигини таъкидлаган эди.