ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда ҳам болалар орасида коронавирус билан касалланиш ортаётганини маълум қилди.
“Мана, мактаблар ишлашни бошлади. Табиийки, касалланиш сони бугунга келиб ошиб бормоқда. Минг афсус, Ўзбекистонда олдин болалар деярли касал бўлмаётганди, ҳозир болалар контингентининг ичида ҳам касалланиш бор. Шунинг учун биз педиатрик койкалар захирасини ҳам тайёрлаяпмиз ва педиатр кадрларни ҳам тайёрлаш режалаштирилган”, - деди у “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.
Аввалроқ 17 сентябрь куни Ўзбекистонда коронавирус пандемияси бошланган буён биринчи марта 11 ёшли бола вафот этгани маълум бўлганди.
Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрида истиқомат қилган 11 ёшли фуқаро 5 сентябрь куни туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. Болада ўша вақтда бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 38 даражага кўтарилиши, нафас сиқиши кузатилган. Кўкрак қафаси ренгени қилинганда 50 фоиз зарарланиш аниқланган.
Бола 2012 йилдан буён сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, сурункали буйрак етишмовчилиги, камқонлик ва семизликнинг учинчи даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган ва ногиронлик нафақаси олиб келган.
Кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор сурункалн гломерулонефрит, буйрак етишмовчилининг терминал босқичи, семизлик ва анемиянинг учинчи даражаси, икки томонлама пневмониянинг оғир шакли натижасида вафот этган.