ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 492 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 50 253 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 228 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 10 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 435 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 46 527 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 93 фоиз.
Айни пайтда 3 307 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Оққўрғон туманида яшаган 78 ёшли О.Ш. (аёл), Термиз шаҳрида яшаган 36 ёшли С.В. (эркак), Шайхонтоҳур туманида яшаган 83 ёшли Т.М. (эркак), Зангиота туманида яшаган 42 ёшли Д.М. вафот этди.
Ўзбекистонда жами 419 киши пандемия қурбони бўлди.
Россиялик шифокорлар ташрифи
Москвадан 35 нафар шифокорлар COVID-19га қарши курашда Ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш мақсадида Тошкентга жўнаб кетишди.
Ёрдам бригадаси таркибида инфекцинистлар, анестезиологлар, рентгенологлар, лаборатория диагностлари, пульмонологлар, эпидемиологлар, болалар шифокорлари ва тиббий ҳамширалар бор.
Шифокорлар иш бошлаш учун керакли бўлган индивидуал ҳимоя восталари билан таъминланган.
Самарадан чартер
Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси 23 сентябр куни Самара шаҳридан Тошкентга амалга ошириладиган чартер қатновига эркин сотув очилганини маълум қилди. Чипта нархи 352 доллар.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 30,2 миллиондан ошди, 947 минг киши вафот этди, 20,6 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (6,7 млн), Ҳиндистонда (5,2 млн), Бразилияда (4,5 млн).