ТОШКЕНТ, 12 сен - Sputnik. Ўзбекистон Жанубий Кореянинг KIHASA институти томонидан киритилган ҳамшира таълимини қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ислоҳ қилиш режасини кўриб чиқмоқда: Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасида институт вакиллари иштирокида ўрта тиббий ходим таълими ва малакасини такомиллаштиришнинг халқаро тажрибаси муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, дунёнинг кўпгина мамлакатларида, жумладан Кореяда ҳамширалар нафақат ўрта махсус таълимига эга бўладилар, улар шунингдек, бакалавриат ва магистратурани тугатиб, олий маълумотга эга бўлишга интиладилар. Бу ўрта тиббиёт ходимларига, фақатгина шифокорлар ёрдамчилари эмас, балки мустақил тиббиёт ходимлари бўлиш имконини берган.
Шу билан бирга ҳамшираларнинг касби бўйича ваколатини ошириш шифокорларнинг ўзларининг ҳам ишларини енгиллаштиради. Улар ўз ўрнида бундай мутахассисларга ўзлари бажаришга мажбур бўлган бир қатор вазифаларни ҳам ишониб топширадилар.
"Ҳамширалар таълимини ислоҳ қилишга ўқув режалари ва дастурларини ўзгартириб, таълим стандартларини жорий этиб, ва уларни тузишда кўпгина мамлакатларда ўша ҳамширалар институтига берилган ваколатларни, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиш йўли билан эришиш мумкин", дейилади хабарда.
Бунда бу тоифадаги мутахассисларнинг айнан ўз йўналишлари бўйича олий маълумотга эга бўлишга интилиши учун қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш муҳим. Фақат шундагина "ўрта тиббиёт ходими" йўналиши бўйича олий тоифадаги мутахассисларга эга бўлиб, барча мана шу тавсифга тўғри келадиганларнинг касбий ваколати даражасини босқичма-босқич ошириш имкони пайдо бўлади.
Конференция давомида шунингдек, Ўзбекистонда "ҳамшира таълими"ни ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чоралар ҳам тақдим этилган. Конференция давомида Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси ўринбосари Абдунумон Сидиков "бундай ўзгаришлар беморларга кўрсатиладиган хизматнинг янги сифатини бошлаб келади. Бу эса бутун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг асосий вазифаси саналади", - дея таъкидлаган.
Томонлар ҳамкорликдаги ишларини давом эттиришга келишиб олдилар. Ушбу ҳамкорлик мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш учун тавсиялар тайёрлашни, ушбу тоифадаги мутахассисларнинг ваколатини, статусини ва нуфузини сезиларли даражада оширишни мақсад қилган.