ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ёпиқ чегаралар туфайли ўз уйларига қайта олмаган 900 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари Самара вилоятидан ватанига поездда жўнаб кетди. Бу ҳақда РИА Новости минтақа ҳукумати матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Ватанига кетишни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари 15 августдан Кинелга кела бошлаган. Аввалига улар темир йўл вокзалидаги платформада жойлашган, 21 август куни эса минтақа ҳукумати улар учун чодирли лагерь ташкиллаштирган. 28 август ҳолатига кўра Кинелда икки мингга яқин Ўзбекистон фуқароси бўлган. Улардан 922 нафари махсус поездда 2 сентябрь ватанга олиб келинди. Улар карантинга жойлаштирилган.
“Яна 900 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси ватанига жўнатилди”, - деган агентлик суҳбатдоши.
Ўзбекистон ҳукумати коронавирус сабаб 16 мартдан бошқа мамлакатлар билан транспорт алоқаларини вақтинча тўхтатиб қўйди. Хорижликлар ва ватандошлар учун чартер рейслар ташкил этилмоқда.
Тошкент мунтазам равишда фуқаролардан рус-қозоқ чегарасида тўпланмаслик ва чартер рейсларни Россияда яшаб турган жойида кутиб туришни сўрамоқда.