ТОШКЕНТ, 5 сен — Sputnik. Беларус давлат телевиденияси Германия ва Польша ўртасида блогер Алексей Навальныйнинг гўёки "заҳарлангани" юзасидан кечган мулоқоти аудио-ёзувини эълон қилди.
Тақдим этилган аудиода Навальныйнинг заҳарланиши тадқиқотлари натижаларини сохталаштириш ҳақида гап борган.
Аудиода Польша вакили германиялик суҳбатдошидан ишлар ҳолати ҳақида сўрайди. Бунга жавобан "ҳаммаси режа асосида бораётгани", Навальный бўйича материалларнинг барчаси "канцлер (ГФР канцлери Ангела Меркель) администрациясига тақдим этилган"и ҳақида маълумотларга эга бўлади.
Варшава Навальный ростдан ҳам заҳарланганми, дея сўрайди. Берлин эса кенг тус олган ахборот уруши туфайли ҳозирда "бу унчалик аҳамиятли эмас"лиги, шу боис, "ҳамма нарса қўл келади" дея жавоб қайтаради.
"Қўшиламан. Путинни (Россия президенти Владимир Путинга) Беларус ишларига бурун суқиш шаштидан қайтариш лозим. Энг самарали йўл - уни Россия муаммоларига ғарқ қилиш, муаммолар эса оз эмас. Қолаверса, яқин орада уларда сайловлар бўлиб ўтади, Россия регионларида овоз бериш куни ўтказилади", - дея суҳбатдошининг гапларини маъқуллайди Польша вакили.
Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Томск-Москва рейси вақтида Алексей Навальныйнинг соғлиғи ёмонлашган. Самолёт шошилинч Омскда қўндирилади, шундан сўнг блогер зудликда касалхонага ётқизилади.
Омсклик шифокорлар Навальныйга моддалар алмашинуви бузилиши ташхисини қўядилар. Орадан икки кун ўтиб, блогер рафиқаси қарорига кўра Германиянинг "Шарите" клиникасига олиб кетилади ва немис врачлари бемор ингибит холинэстераз гуруҳидаги моддалар билан заҳарланганини "аниқлайдилар".
Шундан сўнг Германия ҳукумати, бундесвер махсус лабораторияларига таянган ҳолда, Навальный қонида "Новичок" гуруҳидаги нерв-фалаж хусусиятини келтириб чиқарувчи модда қолдиқлари топилгани ҳақида эълон қилади.
Ўз чиқиши давомида Ангела Меркель блогер суъиқасд қурбони бўлганини ва қасддан заҳарланганини таъкидлаган.
Шу билан бирга ҳеч қандай далиллар ва фактлар тақдим этилмаган. Бундан ташқари, Германия Россия томонининг барча расмий сўровларини, шу жумладан, РФ Бош прокуратураси ва шифокорлар сўровларини ҳам жавобсиз қолдиради.
Россия ТИВ ГФР раҳбариятининг бу сингари баёнотларини - улар ҳеч қандай асос-далилга эга бўлмагани учун - Россияга қарши қаратилган навбатдаги ахборот кампанияси, дея атамоқда.