ТОШКЕНТ, 19 авг - Sputnik. Самарқанд Давлат Университети 2020 йилнинг 21 сентябрида 600 йиллигини нишонлашга тайёрланмоқда. Бу ҳақида Sputnik мухбирига муассаса матбуот хизмати хабар қилган.
Хабарда айтилишига кўра, бундан 600 йил олдин 1420 йилда Самарқанлла Улуғбек мадрасаи олияси ташкил қилинган. Олимлар аниқлашига кўра Улуғбек мадрасасида университетларда ўтилаётган фанларнинг барчаси ўтилганини, билимлар ёзувларга асосланган бўлганини ва ҳаётнинг кўплаб соҳаларини қамраб олгани тасдиқланган.
Мирзо Улуғбек мадрасаси ўзининг кўлами, салоҳияти ва олий мақоми билан Шарқда жуда тез шуҳрат қозонди. Мадраса турли фан соҳаларини қамраб олиши, илмий ишлар кўламининг кенглиги ва оламшумуллиги, дунёвий илмларнинг ўқитилиш даражаси, олимларининг машҳурлиги билан тубдан фарқ қилар эди.
Мадрасавий билимлар тизими узулуксиз жараён сифатида 20 аср бошига қадар давом этди. Совет даврида Самарқандда олий таълим тизими бир неча босқичдан ўтиб 1933 йилнинг 30-январида Самарқанд Давлат университети ташкил этилди.
Ўзбекистон таълим тизими шаклланиши ва ривожланишини миллий маданиятимизнинг ўрта асрлардаги ютуқлари ва ўша даврлардаги мадраса – таълим муассасалари тарихи билан бевосита боғлиқ. Тарихийлик, манбавийлик, маданиятимиз тарихида мадраса – университет тизими даврлар кесимида олий таълимнинг Самарқанд заминида узулуксиз давомийлигига асос бўла олади.
Ушбу омиллар Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олия давомчиси деб хулоса беришга имконият берди.
Университет ёшини 2020 йил 21 сентябрда 600 йиллигини нишонлаш таклифини юртимизнинг кўплаб мутахасис олимлари олийгохлари томонидан қўллаб қувватланди, - дейилган хабарда.
Шунингдек, Самарқанд ДУнинг ёшини 600 йил этиб белгилаш Ўзбекистон таълим тизимининг қадимий эканлигини эътироф этиш билан бир қаторда, уни университетлар жаҳон рейтинги рўйхатида муносиб ўрин эгаллашига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.