ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 450 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 36 968 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 204 нафари Тошкент шаҳрида, 4 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 334 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 32 557 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 88 фоизга етди.
Айни пайтда 4 164 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Учтепа туманида яшаган 79 ёшли М.К. (аёл) ҳамда Яккасарой туманида яшаган 80 ёшли А.К. (эркак), Андижон туманида яшаган, Тошкент тиббиёт академияси клиникасида даволанган 48 ёшли М.Х. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 83 ёшли Л.Б. (аёл) вафот этди.
Ўзбекистонда жами 247 киши пандемия қурбони бўлди.
Хитой шифокорлари
Хитойлик шифокор ва мутахассисларнинг навбатдаги гуруҳи биргаликда профилактика, эпидемия устидан назорат, COVID-19ни даволаш бўйича маълумотлар ва тажриба алмашиш учун Тошкентга етиб келди. Мутахассислар Ўзбекистон-Хитой тиббиёт марказида бошқа касалликлар билан оғриган фуқароларга замонавий ва анъанавий даволаш усулларидан фойдаланган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатади.
Грипп ва пневмонияга қарши вакцинация
Ўзбекистонда сентябр ойидан аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланади. айни кунларда грипп ва пневманияга қарши эмлаш учун ҳукумат даражасида керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Вакциналарни четдан олиб келиш ва жойларда эмлаш пунктларини ташкил қилиш ишлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Оммавий вакцинация сентябрь ойидан бошланиши режалаштирилган.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 22,1 миллиондан ошди, 780 минг киши вафот этди, 14,1 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,5 млн), Бразилияда (3,4 млн), Ҳиндистонда (2,8 млн).