ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 408 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 35 109 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг, 149 нафари Тошкент шаҳрида, 13 нафари Бухоро вилоятида ҳамда 3 нафари Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 621 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 30 664 нафарга етди.
Айни пайтда 4215 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Шайхонтоҳур туманида яшаган 66 ёшли М.Х. (аёл) ҳамда Чилонзор туманида яшаган 71 ёшли З.М. (эркак), Зангиота туманида яшаган 64 ёшли К.Н. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 73 ёшли Н.Қ. (эркак) вафот этди.
Ўзбекистонда жами 230 киши пандемия қурбони бўлди.
Чартер рейслар
Олтита давлатдан (Россия, Жанубий Корея, Туркия, Беларусь, БАА, АҚШ) Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар жадвали тасдиқланди.
17 августдан 30 август кунлари давомида 23 та рейс орқали хориждаги фуқаролар эвакуация қилинади.
Кириш имтиҳонлари
Тест имтиҳонларга бир абитуриент ўрнига бошқа одам киришининг олдини олиш мақсадида барча объектларга кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлар ташкил этилади. Ушбу жойларда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилиб бу камералар орқали имтиҳонга абитуриент ёки бошқа шахс келганлигига аниқланади.
Бундан ташқари назорат ўтказиш пунктларида бармоқ изи орқали шахсни аниқлаш қурилмаларидан фойдаланган ҳолда абитуриентларни шахсини аниқлаш чоралари кўрилади.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 21,5 миллиондан ошди, 771 минг киши вафот этди, 13,4 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,4 млн), Бразилияда (3,3 млн), Ҳиндистонда (2,6 млн).