ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Россия Федерациясидан чартер рейс орқали Ўзбекистонга қайтарилган мигрант ўзини карантинга олинган жой - меҳмонхонанинг тўртинчи қаватидан ташлаб, ҳалок бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳодиса ҳақидаги хабар Ички ишлар органларига 10 август куни келиб тушган.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор суриштирув ишларида аниқланишича, марҳум Сурхондарё вилояти Денов туманида доимий рўйхатда турган, оилали, муқаддам судланмаган, руҳий асаб касалликлари ва наркологик диспансерлар рўйхатида турмаган - 1989 йилда туғилган Олимжон Караев эканлиги айтилмоқда.
Марҳум Караев РФ Қозон Республикасига ишлаш учун оиласи билан бирга кетган ва 4 август куни Ўзбекистонга чартер рейс орқали олиб келинган. Тошкент шаҳрига келгач, карантинга олиниб, "Саёҳат" меҳмонхонасига жойлаштирилган.
Маълум бўлишича, эркакнинг ўз жонига қасд қилганини унинг хонадоши Қозон университети талабаси Ихтиёр Қурбонов аниқлаган.
Мархум Караев билан бир хонада яшаган талаба ҳам Деновдан бўлгани учун иккаласи яхши чиқишган. Талабанинг айтишича, 9 август куни марҳум Караев ундан Россияда қолиб кетган оиласига қўнғироқ қилиш учун мобил телефонини олиб турган. Умуман, марҳум сўнгги вақтларда хонанинг балкон қисмига кўп маротаба кириб чиқган.
Оиласи Россия Федерациясида қолиб кетганидан стресс ҳолатига тушган.
10 август куни соат тахминан 10:30 ларда талаба хонада ухлаб ётганида, хонага ҳарорат ўлчаш учун меҳмонхона ходими келган. Ҳароратни ўлчаб бўлгач ундан хонадоши Караевни ҳам чақиришни сўраган. Караев хонада йўқлиги сабабли, талаба балконга чиққан ва шу вақтда меҳмонхона ҳовлисида марҳум Караевнинг жасадини кўрган.
Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.