ТОШКЕНТ, 7 авг — Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 4-5 август кунлари "Тошкент-Бузулук-Тошкент" ва "Тошкент-Кинел-Тошкент" йўналишларида Россия Федерациясининг Оренбург ва Самара вилоятларига Ўзбекистон фуқароларини қайтариш учун иккита поезд юборилди.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилиш учун ўзбекистонликлар тўпланган жойда бўлиб турибди.
6 август куни Оренбург вилоятининг “Бузулук” станциясидан 920 нафар фуқаро биринчи поезд Ўзбекистонга жўнаб кетди. Иккинчиси 7-август куни Самара вилоятининг “Кинел” станциясидан 930 нафар фуқаро билан жўнайди. Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган жами 1850 нафар Ўзбекистон фуқаролари қайтарилади.
7 август ҳолатига кўра Оренбург ва Самара вилоятларида Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.
Қайтиб келганидан сўнг Ўзбекистон фуқаролари Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган талабларга қатъий риоя қилган ҳолда карантинда бўлади.
ТИВ баёнотида айтилишича, коронавирус инфецияси тарқалаётган бир пайтда кўп сонли фуқароларининг бир жойда тўпланиши уларнинг COVID-19 билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади.
Ватандошлардан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига бормасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўралган.
Ҳозирда Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини тезроқ қайтариш учун Россиядан рейсларни кўпайтириш, қатновлар йўналиши ва турларини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.