ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik, Николай Протопопов. Ҳужумлар фақатгина террорчилар уюшмалари томонидан амалга оширилаётгани йўқ. Американинг Араб Республикасида бўлиши яна кимга ёқмаётгани ҳақида РИА Новости материалида ўқинг.
Чор томондан
Яқинда Сурия шимоли-шарқидаги Хасеке провинциясида жойлашган АҚШ ноқонуний ҳарбий базаси ракета ҳужумига дуч келди. Бу ерда, Ал-Хасак шаҳридан олтмиш километр жанубда, америкаликлар ҳужум ва транспорт вертолётлари ҳамда самолётларини қабул қилиш учун аэродромни жиҳозлашган. Сурия матбуотида берилган хабарларга кўра, базага номаълум қуролланган гуруҳлар ҳужум қилган.
Сурияда сўнгги ойларда америкаликларни мунтазам ўққа тутишмоқда. Америкаликларда катта йўқотишлар бўляпти. Мобил патруллар айниқса, "номаълумлар" томонидан уюштирилаётган ҳужумлар қаршисида заиф қолмоқда.
Шундай қилиб, май ойи охирида Дайр аз-Зор провинциясида АҚШ армияси ҳарбий хизматчилари ва "Сурия демократик кучлари" (СДК) гуруҳи жангчилари автомобиллар карвонига автоматлар, пулемётлар ва гранаталар билан қуролланган отряд ҳужум қилди. Уч нафар америкалик ва беш нафар СДКнинг аъзоси жароҳатланди.
Апрел ойида ал-Хасаке провинциясида қатор ҳужумлар рўй берди. Хусусан, америка ҳарбийлари ва СДК аъзоларини ташиган "Хаммер" бронеавтомобили "номаълум шахслар" томонидан Рувайшид қишлоғи яқинида ўққа тутилган.
Бир неча киши жароҳатланган. Дайр-аз-Зордагига ўхшаш ҳодиса оқибатида АҚШ армияси зобити ва СДК жангчилари ҳалок бўлди. Яна бир ҳужумдан сўнг икки нафар ҳарбий хизматчи изсиз йўқолди — улар тақдири ҳозиргача ҳам номаълум.
Патруллар йўлларида кўпинча портловчи қурилмалар ишга тушади. Масалан, июль ойида ўша Дайр-аз-Зордаги Сабха аҳоли яшаш жойида автомобил колоннаси портлатиб юборилди. Баъзан бундай ҳужумлар худкушлар томонидан миналаштирилган автомобилларда уюштирилади. Ўтган йилнинг январ ойида америкаликлар энг катта йўқотишни бошдан кечирди: худкуш-террорчи Сурия шимолидаги Манбижада пиёда патрули яқинида фугасни портлатди: икки аскар, АҚШ Мудофаа ходими ва ёлланма-жангчи ҳалок бўлди.
Пентагон Суриядаги ҳужумлар ҳақидаги кўплаб хабарларни "фейк" дея, зўр бериб рад этиб келмоқда.
Ресурслар учун кураш
Ҳарбий эксперт Юрий Лямин "РИА Новости"га берган интервьюсида америка ҳарбий объектлари ва патрулларига АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан босиб олинган маҳаллий қабилалар ҳужум қилиши мумкинлигини айтди.
"Бу Сурия шимоли-шарқида яшовчи араблар, — дея тушунтиради Лямин. — Ҳозирда улар устидан америкаликлар томонидан қўллаб-қувватланаётган қурдлар ҳокимлик ўрнатган. Табиийки, одамлар норози, улар ҳозирги ҳолатга кескин қаршилик билдирмоқда, улар регион Дамашқ томонидан бошқарилиши лозим, деб ҳисоблайди. Турли бесаранжомликлар шу туфайли юзага келмоқда".
Шу билан бирга, ушбу қабилалар кўпдан кўп ҳолларда жуда яхши қуролланган ва тайёргарликдан ўтган бўлади.
"Мамлакатда фуқаролар уруши кўп йиллардан буён давом этмоқда, аҳоли қўлида керагидан ортиқ қурол бор, - дейди Лямин. - Нафақат милтиқлар. Миномётлар, оғир пулемётлар ва ҳатто Сурия ва Ироқда жуда кенг тарқалган Хитой ёки Арабистонда ишлаб чиқарилган 107 миллиметрли залп билан ўт очадиган енгил пулемётлар ҳам бор".
Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг сиёсатшунослик ва социология кафедраси доценти, "Россия офицерлари" ташкилоти экспертлар кенгаши аъзоси Александр Перенжиевнинг фикрича, Америка ҳарбийларига уюштирилаётган ҳужумлар Суриядаги табиий ресурслар учун коалиция ўртасидаги курашнинг бир қисми ҳам бўлиши мумкин.
"Бу лўнда қилиб айтганда, талончилар ўртасидаги олишув, — дея аниқлик киритади у. — Бир томонда - Пентагон бўлса, иккинчи томонда - хусусий ҳарбий компаниялар манфаатларини илгари сурувчи ва худди шу террорчиларни қуроллантириши мумкин бўлган турли молия-саноат гуруҳлари мавжуд".
Унинг айтишича, Пентагон ҳам Сурия ўйинида мустақил куч эмас, балки АҚШдаги баъзи гуруҳларни тақдим қилади. Бундай яширин зарбалар эса Суриядаги фойдали қазилмалар учун кураш кучайиб бораётганидан далолат беради.
"Агар Сурия армияси ҳужум уюштирганида, Пентагон буни дарҳол тан олган бўларди, — дея қўшимча қилади Перенжиев. — Аммо "номаълум отрядлар" дейиш орқали улар махфий, ички урушни ҳаммага ошкор қилмаяпти. Шу билан бирга, мен аминманки, америкаликлар уларга ким зарба берганини яхши билишади".
Халқ нафрати
Америкаликлар устида муаллақ турган яна бир хавф - бу халқ қаршилигидир, унинг асосий мақсади, президент Башар Асад таъкидлаганидек, - Сурия ҳудудларини чет эл оккупациядан озод қилиш. Америкаликлардан норози бўлиш учун эса асослар етарлича.
Июнь ойида Хасеке провинцияси Тел-Абъяд шаҳри аҳолиси ўз буғдойининг ноқонуний олиб чиқиб кетилишини олдини олиш мақсадида, чегара ўтиш жойида пикет уюштирдилар. Ҳодисадан бир кун олдин Сурия ТИВ турк қўшинлари томонида бўлган жангарилар ва АҚШнинг иттифоқдош жиноий уюшмалари давлатдаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида бир неча маротаба буғдой ва бошқа донли ўсимликлар ўсадиган далаларга ўт қўйишгани ҳақида баёнот берган эди.
АҚШ ҳарбий қўмондонлиги ва унинг иттифоқчилари Сурия шимолидаги гуманитар вазиятни қасддан мураккаблаштирмоқда, уларнинг мақсади аҳолини расмий ҳокимиятга қарши қайраш.
Кўпинча америкаликлар айби туфайли тинч аҳоли нобуд бўлади. Май ойида АҚШ аскарлари Дайр-аз-Зор провинциясида автомобил ҳайдовчисини отиб ташлашди — автомобил гўёки "Коннико" нефт кони яқинидаги асосий трассадан чиққан. Ҳарбийлар бу ҳолатни таҳдид, дея баҳолаб, ҳайдовчига қарата огоҳлантиришсиз ўт очган.
Февраль ойида Қамишли шаҳри яқинида суриялик ҳарбий хизматчилар келишилмаган йўналиш бўйича ҳаракатланаётган АҚШ армияси колоннасини тўхтатиб қолдилар. Шунда америкаликлар маҳаллий аҳоли билан можарони келтириб чиқарди ва натижада аскарлар фуқароларга қарата тартибсиз ўқ уза бошладилар. Ўшанда 14 яшар Фейсал Ҳолид Муҳаммад ҳалок бўлди, яна бир киши жароҳатланди. Фақатгина россиялик ҳарбийлар аралашувидан сўнг можарони тинчлантиришга эришилди. Руслар америка автоколоннасини жойлашув пунктига олиб бориб қўйдилар.