ТОШКЕНТ, 10 авг - Sputnik. Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Беларусда ўз фуқароларига қарши куч ишлатилиши ҳолати бўйича ЕИ фавқулодда саммитини ўтказишга чақирди.
"Польша ўзининг энг яқин қўшнилари учун жавобгардир. Шунинг учун бош вазир Матеуш Моравецкий Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга Беларусдаги воқеалар бўйича Европа Иттифоқининг фавқулодда саммитини чақириш таклифини йўллади" , - дейилади бош вазир канцелярияси хабарида. Ундан РИА Новости иқтибос келтирган.
“2020 йил 9 августда Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларидан сўнг, ҳукумат мамлакатда ўзгаришларни талаб қилган ўз фуқароларига қарши куч ишлатди. Биз солидар тартибда белорусларни уларнинг озодликка интилишида қўллаб-қувватлашимиз керак”, - дейилади баёнотда.
Якшанба куни Беларусда президент сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко 80 фоиздан кўпроқ овоз тўплади, Светлана Тихановская 9,9 фоиз овоз билан иккинчи ўринда. Тихановская штаби МСК натижаларини тан олмаслигини маълум қилди ва уларнинг маълумотларига кўра у 70-80 фоиз овоз тўплаганини қўшимча қилди.
Тартибсизликлар Минскда сайлов участкалари ёпилганидан кейин бошланди ва эрталабгача давом этди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш кучлари намойишчиларни тарқатиб юбориш учун шовқинли гранаталар ва сув пурковчи техникалардан фойдаланган.