ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Беларус президенти лавозимига даъвогарлик қилган собиқ номзод, Юқори технологиялар парки собиқ раҳбари Валерий Цепкало дунёнинг 32 давлат етакчиларига республикада эркин сайловларни ташкил этишда ёрдам сўраб мактуб йўллади, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Айни вақтда Беларусда сайлов кампанияси бўлиб ўтмоқда, асосий овоз бериш куни 9 августга белгиланган. Муддатдан олдин овоз бериш 4 август куни бошланади. Президент лавозимига беш киши даъвогарлик қилмоқда, улар орасида олтинчи марта ўз номзодини президентликка илгари сурган амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко ҳам бор.
"Бутун Беларус халқи номидан овоз бериш ва овозларни санашда халқаро кузатувни ташкил этишда қўллаб-қувватлашингизни, давлатингиз ҳудудида истиқомат қилувчи Беларус фуқаролари учун ҳам ушбу овоз бериш жараёнининг ўтказилишини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман", - деб ёзган Цепкало.
У шунингдек, Беларусь оппозицияси мақсади - Светлана Тихановская ғалабаси эканлигини айтган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, Тихановская давлат раҳбари этиб сайланган тақдирда, олти ойгача бўлган муддатда янги президент сайловлари ўтказилади ва унда барча номзодлар, жумладан, қамоқда бўлганлари ҳам иштирок этади.
Икки ҳафта бурун Цепкалонинг шошилинч тарзда Москвага йўл олгани хабар қилинган эди. Сиёсатчининг рафиқаси Беларусда қолган. РИА Новости билан суҳбатда, Цепкало, айни вақтда ҳибсга олиниши хавфи борлиги учун ватанга қайтиш нияти йўқлигини маълум қилган. Ўтган ҳафтада сиёсатчи Украинага етиб келган.