ТОШКЕНТ, 16 июл – Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко Витебск вилояти фаоллари билан учрашувда Европа иттифоқининг Беларусь демократияси номига ёғдирган танқидларига жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда Sputnik Беларусь.
Президент ўз чиқиши давомида ғарблик қўшниларда турли ҳолатлар, жумладан, иккиталик стандартлар ҳам учраб туришини айтди.
"Улар бизга, қаранглар, ҳаммаси демократик ўтсин, кўчаларда Худо кўрсатмасин, тўқнашувлар рўй бермасин, дея шама қилишмоқда! Сиз ўз шеригингиз - Америка Қўшма Штатларига эътибор беринг. Кўряпсизми, у ерда нималар рўй бераётганини? У ерда портловчи моддаларсиз, кўз ёш келтирувчи газсиз кун ўтмаяпти. Сиз балки, Трампни танқид қиларсиз ёки АҚШни у ерда демократия йўқлиги учун, балки Россияга дағал гапиришга уриниб кўрарсиз? Қўрқишади. Шу боис Беларусьда ўз кўникмаларини чархлашга қарор қилишган бўлса керак", - деди давлат раҳбари.
Лукашенко ғарблик қўшнилар ҳеч нарсага эришолмаслигини, мамлакатни жамики қонуний усуллар билан ҳимоя қилишларини ва ҳеч кимга бериб қўймаслигини айтиб ишонтирди. Шу билан бирга, беларусь етакчиси, сайловларга хорижий кузатувчилар хоҳлашса эртагаёқ келишлари мумкинлигини таъкидлади.
"Биз уларга, гар сайловларни кузатишни истасангиз - марҳамат, эртагаёқ келинг, биз яширинаётганимиз йўқ, аммо бизга бармоғингиз билан қандай яшаш кераклигига ишора қилманг, деб айтамиз", - дея аниқлик киритди президент.
Эслатиб ўтамиз, чорашанба куни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Беларусдаги жорий президент сайловларига ўз кузатувчиларини юбормаслиги маълум бўлди. Ушбу қарорга беларус томонидан таклифнома йўлланмаганлиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда.