Марина Чернышова-Мельник.
Янгиланган жамоада Олимпиада сари
Эркин Шагаев Тошкентнинг “Меҳнат” клубида сув полоси билан шуғулланишни бошлаган. Жамоа СССРнинг Олий лига чемпионатида иштирок этган. Шагаев бу жамоага тантанали ғалабалардан сўнг уни машҳур совет клубларига таклиф қилишларига қарамасдан спортдаги фаолияти давомида содиқ қолган. Уни ЦСК ВМФ, “Динамо” ва МГУ клублари ўз сафларига чорлашган эди.
“Ўзбекистонда юқори тезликда ҳужум уюштирадиган ўйинни тарғиб қилувчи ўзига хос сув полоси мактаби бор эди. Республика турнирларида энг яхши натижаларга эришардик: ўсмирлар жамоаси ҳатто Совет Иттифоқи биринчилигини қўлга киритган эди, катталар терма жамоаси эса 1983 йилда СССР халқлари Спартакиадасида бронза медалларга эга чиққан. Шу билан бирга терма жамоа кўп миллатли эди: Ўзбекистон, Қозоғистон, Эстония, Грузия, Украина ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ўйинчилар бор эди”, - дея эслайди спортчи.
Илк бор Шагаевни терма жамоага 1976 йил декабрь ойида, Монреалдаги (8-ўрин) Ўйинлардаги муваффақиятсизликдан сўнг таклиф қилишди. Кейинги тўрт йил мобайнида 52 нафар номзод саралашдан ўтди. Улар қаторида тошкентлик 18 ёшли Эркин ҳам бор эди.
Унинг терма жамоа таркибидаги биринчи турнири 1977 йил августдаги Европа чемпионати бўлган. Унинг биринчи дебюти муваффақиятли бўлганига қарамасдан жамоа 4-ўринни ишғол этган. Кейинги Жаҳон чемпионати (1978) ва Жаҳон кубогида (1979) ҳам бундай ҳолат кузатилган.
“Бу биз учун жуда оғир дамлар эди. Жаҳон чемпионатида менга юқори тезликда чидамлилик етишмади. Ўша йили мен жуда ғайрат билан шуғулланардим, лекин доимо чарчоқ сезардим. Кейинроқ шифокорлар менг бу юкламанинг нотўғри тақсимланиши ва номувофиқ машғулот жадвали эканини айтишди. Инсон ўз организмини ҳис қилишни ўрганиши лозим. Хайрият, 1979 йил ёзига келиб мен жисмоний қийинчиликни енгдим ва натижада олимпиада терма жамоаси таркибига кирдим”, - дея ҳикоя қилади Эркин Шагаев.
Келажаги порлоқ тошкентлик ўйинчи мамлакатнинг асосий жамоасига тасодифан келиб қолмаганини исботлади: Италиянинг Больяско шаҳарчасидаги олимпия ўйинларидан олдинги мусобақада Шагаев энг яхши ўйинчи мукофотига лойиқ деб топилди.
Муҳит энг кучли рақибларни доғда қолдиришда кўмаклашди
Олимпиада-80 нинг барча иштирокчиларини Подмосковьедаги дам олиш уйларига жойлаштиришди.
“Бирор нарса машғулотдан чалғитмаслини учун бизни атайлаб шаҳар шовқинидан ажратишди. Мусобақа арафасида ягона жадвал бор эди: тонг саҳарда уйғониш, нонушта, машғулот, истироҳат, иккинчи машғулот, кечки овқат, уйқудан олдинги истироҳат. Лужниковский бассейнида тайёргарлик кўрардик. У ерда олимпия мусобақанинг дастлабки ўйинлари бўлиб ўтиши лозим эди. Жамоа бир кунда икки марта у ерга автобусда борарди – бир томонга йўл 40 км”, - дея хотирлайди Шагаев.
Олимпия шаҳарчаси ҳақидаги таассуротлари
“Шаҳарча муҳташам эди, барча турар жой объектлари ва спорт иншоотлари махсус Олимпиада учун қурилган. Москва бўйлаб сайр қилишга вақт бўлмаганлигига қарамасдан биз Жанговар шон-шараф музейига ташриф буюрдик. Бундан ташқари, дам олиш кунлари оғир машғулотлардан сўнг жонли мусиқадан баҳраманд бўлишимиз учун артистлар олиб келинган эди. Бу кайфиятни кўтарарди. Ташкилий жиҳатдан ўша Ўйинлар уларни ўтказишдаги тарихидаги энг яхшиси деса ҳам бўлади. Ҳаммаси аниқ-равшан ўтказилган: мусобақалар, машғулотлар, хавфсизлик, дам олиш, маиший масалалар”, - дея ишонч билан айтади спортчи.
Олтин медаль сари интилиш
Июль ойида Олимпиада бошланди. Ўйин мезбонлари гуруҳ босқичидаги саралаш ўйинларини асосан кечки пайт ўтказишарди. Якуний ўйин бўлиб ўтган “Лужники” бассейни трибуналари ва Мир хиёбонида минглаб томошабинлар тўпланарди.
“Воқеанинг аҳамиятлиги муҳити уфуриб турарди. Биз жуда яхши шайланган ва руҳланган эдик, масъулиятни ҳис этардик. Бунинг учун мураббийларга ташаккур. Мен Тошкентдаги клубда намойиш этган ўйин услуби терма жамоадагидан фарқ қиларди. У икки ерда мен “ҳаракатчан ҳужумчи” позициясида ўйнардим. Гап турли шериклар ва рақиб даражасида эди”, - дея тушунтиради Шагаев.
Гуруҳ босқичида СССР жамоасига Италия, Испания ва Швеция жамоалари рақиблик қилган. Руҳий жиҳатдан италияликлар, амалдаги жаҳон чемпионлари билан ўйин жуда муҳим эди. Ўшанда бу мусобақалар ҳам тўрт йилда бир маротаба ўтказиларди, демак, унвол ҳам жуда аҳамиятли эди. 1978 йилги Ғарбий Берлиндаги биринчиликда СССР терма жамоаси шоҳсупага кўтарилишига бир қадам қолганди. Ўз уйида реванш олиш муҳим эди. Биринчи баҳсда мезбонлар ғолиблик илиб кетди. Муваффақият билан бошланган ўйин янада ишонч бағишлади.
Финал ўйинларида асосий баҳс венгрларга қарши эди. Монреалдаги Ўйинлар ғолиби, 1977 йилги Европа чемпиони ва 1979 йилги Жаҳон кубоги соҳиблари – улар Москадаги мусобақанинг фаворитларидан бири ҳисобланишарди.
“Ўша даврда расмий ўйинларда биз венгрларга ютқазардик, шу боис жуда ҳаяжонландик. Тўғри, рақибларимиз ҳам асабийлашишарди. Бунинг исботи: Тамаш Фараго – дунёдаги энг яхши ўйинчилардан бири, моҳир отиш қобилиятига эга, - пенальтидан тўп киритолмади. Бироқ биз ҳам имкониятимиз бой бердик. 1980 йилда Венгрия термаси “юлдузли жамоа”, совет термаси эса – “жамоа-юлдуз” эди: биз ҳаммасиз бир-биримизни тўлдирардик ва рақибни 5:4 ҳисобида таслим қилишга эришдик. Мен икки ғалаба голи муаллифи эдим. Бу ғалабадан сўнг мен олтин медаллага эга чиқиш имкониятиз доирасида эканини ҳис қилдим”, - дея тан олади Эркин Шагаев.
Кейин СССР термаси Испания, Куба, Нидерландия, финалда эса Югославия терма жамоалари устидан ишончли ғалабага эришди.
“Биз эйфория ҳолатида эдик, шунчаки еттинчи осмонда: бахт, енгиллик, ғурур. Ғалабани ватанимизда қўлга киритганимиз қувонч устига қувонч ато этарди. Бу совет терма жамоаси тарихида кескин бурилиш эди: 1970 йиллан ўртасидан жамоа қайта тузилган, Москвадаги ғалабадан сўнг биз ютиш керак нарсаларни ютдик. Очиғи, мен Олимпия чемпиони бўлганимни бироз вақт ўтиб англадим”, - дейди Москвадаги Ўйинлар чемпиони.
Шагаев деярли тўлиқ иштирок этган саккиз ўйиндан иборат қизғин турнир зое кетмади – спортчи шу кунлар давомида уч килограммга озди.
Ғалабадан сўнг спортчилар Олимпиада якунлангунига қадар бир неча кун қолишган. Сайр қмлиш ва спорт байрамидан баҳро олиш имкони бор эди, лекин Эркин оиласини соғинган эди ва шунинг учун зафарнинг эртаси куниёқ жонажон Тошкент шаҳрига учиб кетди.
Уйда уни қаҳрамонлардан кутиб олишди. Эрталабки соат 4 даги рейсга қарамай уни кутиб олгани дўстлари ва республика раҳбари тўпланганди.
Бутун август ойида Эркин Шагаев уйда дам олди, сентябрда эса Тошкент жамоаси билан Литвага янги мусобақага отланди. У Ўзбекистоннинг фахри бўлди ва фахрий меҳмон сифатида мактаб, завод ва фабрикалардаги меҳнат коллективларига ташриф буюрарди.
“Мен ҳамиша ёшларни ғалабамиз билан илҳомлантиришга ҳаракат қилдим. Асосийси одам севган ишида муваффақияига эриши керак, нафақат спортда. Мен спортдан шунча мамлакатлар ва бутун Совет Иттифоқини айланиб чиққаним учун миннатдорман”, - дейди у.
Олимпия ўйинлари бўлиб ўтган “Лужники” бассейнида мармар тахтачи савлат тўкиб турибди: унда олтин медални қўлга киритган жамоа ўйинчиларининг исми ўйиб ёзилган.
Спортдан кейин ҳаёт
Олипиада-80 дан сўнг ғолиб жамоа яна бир неча йиллар дунёдаги энг кучлиси эди: совет сув полоси спортчиларининг Европа чемпионати (1983 й.), икки маротаба Жаҳон кубоги (1981 ва 1983 йилларда) ҳамда кўплаб халқаро мусобақаларда қўли баланд келган. 1984 йилдаги Ўйинлар бойкоти туфайли Москва муваффақиятини такрорлаш насиб этмади. Бироқ совет спортчилари муқобил “Дружба” мусобақаси чемпионлари бўлишди. Шундан сўнг Эркин Мақсудович спортдан кетишга қарор қилди.
“Мен ўзини сиқиб суви чиқарилган мевадек ҳис қилардим: ҳар қалай терма жамоа таркибида саккизда қизҳин мавсумда ўйнадим. Оддий бўлмаган, жуда кучли жисмоний машғулотга қарамасдан энг қизиқарли йиллар эди. Эҳтимол, ярим йил танаффус олиб, ором олиб куч тўплаганимда кейинги олимпиадада иштирок этишни хоҳлаган бўлишим мумкин эди. Лекин дам олишнинг имкониятини йўқ эди, ва мен 25 ёшимда спортдаги фаолиятимни якунладим”, - дейди Шагаев.
Бир неча йилдан кейин Эркин Мақсудович спорт мавзусига оид номзодик диссертацияни муваффақият билан ёқлади, лекин уни амалий мураббийлик иш ўзига жалб қилди.
Аввалига жонажон Ўзбекистонида меҳнат қилди, кейинчалик уни Австралияга таклиф қилишди. У Сиднейга 1991 йил ёзда хотини ва икки нафар кичик фарзанди билан келди. Спорт туфайли ўзи кўрган дуёни уларга кўрсатмоқчи эди. Аввалига Шагаев Австралиянинг сув полоси бўйича эркалар жамоасининг маслаҳатчиси эди. 1992 йилда жамоа Олимпиадада 5-ўринни эгаллади. Шундан кейин унга ўсмирларни тарбиясига олишни таклиф қилишди. У ўсмирлар билан Жаҳон чемпионатида (1999 й.) кумуш медалга соҳиб чиқди. Тез орада Шагаев Австралиянинг катталар жамоасини бошқарди. Унинг раҳбарлиги остида жамоа ўзининг энг яхши натижасига эришди – ярим финал босқичи ва 1998 йилдаги жаҳон чемпионатида 4 –ўрин.
Шунингдек, Эркин Мақсудович Сингапур терма жамоасининг директори ва бош мураббийи бўлган, Хитойда сув полоси бўйича аёллар жамоасини тайёрлаган. 2014 йилдан 2016 йилгача Россия эркаклар жамоасига мураббийлик қилган.
Бугунги кунда олимпия чемпиони спорт маслаҳатчиси сифатида ишлашда давом этмоқда. Унга дунёнинг турли мамлакатларидан талаб катта, лекин у кўп вақтини ватанида ўтказади.
“Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман: қаерда ишмайин, қалбим билан уйдаман. Бу ерда, онам, синглим ва унинг оиласи, амаки-тоғаларим, амма-холаларим, дўстларим бор. Эсимда, бир неча ой илгари Тошкентга келиб, шаҳар бўйлаб сайр қилгандим. Бу ерда профессионал жиҳатдан ҳам фойдам тегишини истайман: кучим, ғайратим ҳали ҳам бор. Эҳтимол, қачондир спортдаги йўлим ҳақида автобиография ёзарман. Совет сув полоси спортчилари йирик мусобақаларда иштирок эта олмаган давр жуда қийин эди. Мен учун “қон, тер ва кўз ёшлар” ва “машаққатлардан юлдузлар сари” ифодалари ҳақиқий маънога эга. Лекин биз натижада жамоадаги дўстларим билан асосий мукофотни қўлга киритдик. Демак, барча зое кетмаган”, - дея хулоса қилади Эркин Мақсудович.
Биринчи ўзбекистонлик Олимпиада олтин медали соҳибининг ишончи комил: бу спортнинг келажаги ва ватандошларининг бошқа спорт турларидаги муваффақияти ҳали олдинда.