ТОШКЕНТ, 15 июл - Sputnik. Numbeo портали яшаш учун энг қиммат ва энг арзон мамлакатлар 2020 йилги рейтингини эълон қилди.
Рейтингга дунёнинг 135 та давлати киритилган бўлиб, рўйхат уй-жой ижара пули, яшаш индекси қиймати ва аҳолининг харидорлик қобилияти каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилади.
Ўзбекистон ушбу рўйхатда 130-ўринни эгаллади.
Рейтингдан, шунингдек, Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Қозоғистон 116-ўринни, Қирғизистон 133-ўринни, Афғонистон 132-ўринни, Покистон эса 135 — энг сўнгги ўринни эгаллади.
Бермуд ороллари 2020 йилда яшаш учун энг қиммат деб топилди. Ундан кейинги поғоналарни Швейцария, Норвегия, Исландия ва Япония эгаллаган.