ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. "Роскосмос" раҳбари маслаҳатчиси Иван Сафронов НАТО махсус хизматларидан бирига ишлаганликда гумонланмоқда. Тахмин қилишларича, Сафронов бўлинмага ҳарбий-техник ҳамкорлик ва Россия "мудофааси" ҳақидаги махфий маълумотларни узатиб турган. Бу ҳақда сешанба куни РФ ФСБ маълум қилди.
"Москвада "Роскосмос" давлат корпорацияси бош директорининг маслаҳатчиси Сафронов Иван Иванович қўлга олинди. Сафронов, НАТО махсус хизматларининг бири томонидан берилган топшириқни бажариб, бўлинма вакилига давлат сирини ташкил қилувчи РФ ҳарбий-техник ҳамкорлиги, мудофааси ва хавфсизлиги ҳақидаги маълумотларни етказиб турган", - дейилади релизда.
Жиноий иш "Давлатга хиёнат" моддаси бўйича қўзғатилган. Сафронов 20 йилдан ортиқ муддатга қамалиши мумкин.
"Роскосмос"дагиларнинг таъкидлашича, Сафроновнинг қўлга олиниши унинг давлат корпорациясидаги фаолияти билан боғлиқ эмас.
"Роскосмос"га ишга жойлангунга қадар 2010 йилдан 2019 йиллар оралиғида Сафронов "Ведомости" ва "Коммерсант" нашрларида ишлаган, ҳарбий ва космик соҳага оид мавзулар билан шуғулланган. "Роскосмос" раҳбари Дмитрий Рогозиннинг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси лавозимига жорий йил май ойи охирида тайинланган.