ТОШКЕНТ, 27 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1925 йилда қабул қилинган "Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисида"ги Женева протоколига қўшилиш ҳақидаги қонунни имзолади.
Ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан май ойида қабул қилинган ва ўтган ҳафтада Сенат томонидан маъқулланган.
Протокол 1972 йилнинг 10 апрель куни Москва, Лондон ва Вашингтон шаҳарларида имзоланган бактериологик (биологик) ва токсик қуроллар захирасини йиғиш, ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш тўғрисидаги Конвенция талабларини мустаҳкамловчи ҳамда тўлдирувчи ҳужжат ҳисобланади.
Бугунги кунда мазкур Женева протоколига дунёнинг 142 та давлати, МДҲ мамлакатларидан Арманистон, Молдавия, Россия, Тожикистон, Украина ҳамда Қирғизистон қўшилган.