ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Ички ишлар вазирлиги фуқарони мажбурлаб олиб кетишга уринган ИИБ ва Миллий гвардия ходимига халқ норозилик билдиргани акс этган видео юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 14 июнь куни Нукус шаҳри ҳудудида аҳоли орасида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовлар қатор мутасаддилар билан Х.Абдамбетов кўчасидаги автотураргоҳ атрофида текширув ишларини олиб борган. Текширув вақтида шу ерда тўхтаб турган, 23 ёшли “Матиз” ҳайдовчиси У.М. тиббий ниқоб тақмагани ва такси ҳайдовчилари учун белгиланган махсус комбинезон киймаган ҳолда фаолият олиб бораётганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси ходими суриштирув олиб бормоқчи бўлганда У.М. ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган. Уларга фаол қаршилик кўрсатиб, ўзининг ҳаракатлари билан шу ерда бўлган бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилган. Айнан шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган.
Натижада қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган.
Ҳозир Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ички ишлар органи ходими ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бир фуқарони мажбурлаб машинага ортишга урингани тасвирланган видео тарқалган эди.