ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ички ишлар органлари ходимларининг Андижондаги қилмишларини қатъий қоралайди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Қайд этилишича, бу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти марказ бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга ва ИИВ раҳбари Пўлат Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилган.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожиалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз”, - дейилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда фуқаронинг ўлимида айбланаётган 3 нафар ички ишлар ходими қамоққа олингани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.