ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Самарқандда МИБ ходимларини ёқиб юборишга уринган аёлга жазо тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 21 январь куни МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмуҳаммедов 12 нафар давлат ижрочиси ёрдамида Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан жавобгар Д.Р.ни хонадонидан мажбурий чиқаришга уринган.
Аммо фуқаро Д.Р. уй-жойдан чиқишдан қатъий бош тортиб, МИБ ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган. Аёл уларнинг устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни ҳам уларга қасддан улоқтирган. Шу тариқа уларни хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилган.
Суд Д.Р.ни Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида Д.Р. МИБ ходимларига қаршилик қилиб, уларга бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлгани хабар қилинган эди.