ТОШКЕНТ, 12 июн - Sputnik. Қирғизистон, Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари қатори, ўзининг яқин қўшнилари, жумладан қардош Ўзбекистон билан савдони ривожлантириш ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор, деди қўшни давлат президенти Сооронбай Жеенбеков 11 июн куни Ўш вилоятининг Аравон туманига ташрифи чоғида. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
"Яхши қўшни узоқ қариндошдан яхшироқ" деган мақол бор. Қиргиз ва ўзбек халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаб келиб, дўстона муносабатда бўлишган. Ота-боболаримиз қариндошлик ришталарини ўрнатиб, икки халқнинг бирлигини қўллаб-қувватлаб келган. Икки мамлакат бир-бирига нафақат географик яқиндир, бизнинг тарихимиз, динимиз, тилимиз бир ва анъаналармиз ҳам ўхшаш”, - деди Жеенбеков.
Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқаларни ҳам фаол ривожлантирмоқда.
"Президент лавозимига Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг келиши билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик янада мустаҳкамланмоқда. Биз яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интилмоқдамиз, барча муаммоларни ҳал қиламиз, бунинг учун сабр ва вақт талаб этилади. Биз болаларимиз ва давлатимиз келажаги учун қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирамиз", - деди президент.
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолиси ўртасида маҳаллий можаро келиб чиққан, натижада 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар Қирғизистон фуқароси жароҳатланган.
1 июн куни туманга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ташриф буюрди. У ерда у Қирғизистон ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Кубатбек Боронов билан учрашди ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди.
Чегара можаросини икки мамлакат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жеенбеков ҳам телефон орқали муҳокама қилдилар. Давлат раҳбарлари бундай вазиятнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун комплекс чора-тадбирлар кўриш муҳимлигини таъкидладилар.