ТОШКЕНТ, 10 июн - Sputnik. АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитой ҳукуматини Huawei компанияси ва HSBC банки орқали Буюк Британияга босим ўтказишда айблади.
Унинг сўзларига кўра, Пекин Лондон Huaweiʼга ўзининг 5G тармоғини қуришга рухсат бермаса, HSBC банкини жазолаши ва Буюк Британияда атом электр станцияларини қуриш мажбуриятини бузиши билан таҳдид қилган.
Дипломатнинг таъкидлашича, Шэньчжэнда жойлашган Huawei "Хитой Коммунистик партияси назорат тизимининг давомидир".
У HSBC Осиё Тинч океани банки собиқ бош директори, Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши аъзоси Питер Вонг Пекиннинг Гонконг мухториятига доир янги қарорларини қўллаб-қувватловчи петицияни имзолаганини эслатди.
"Ушбу садоқат намойиши орқали HSBC Пекинда унчалик ҳурматга эга бўлмаганига ўхшайди, ва Пекин Хитойнинг банк бизнесида бу банкни Лондонга қарши сиёсий дастак сифатида ишлатишни давом эттирмоқда", - дейилади Помпео баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, "Пекиннинг тажовузкор хатти-ҳаракатлари" мамлакатлар нима учун Хитойга ҳаддан ташқари иқтисодий қарамликдан қочиши ва муҳим инфратузилмани Хитой Коммунистик партияси таъсиридан ҳимоя қилиши кераклигини кўрсатмоқда.
"АҚШ Буюк Британиядаги дўстларимизга хавфсиз ва ишончли атом электростанцияларини қуришдан тортиб, фуқароларининг шахсий ҳаётини ҳимоя қиладиган ишончли 5G ечимларини ишлаб чиқишга қадар ҳар қандай эҳтиёжни қондиришда ёрдам беришга тайёр. Эркин миллатлар чинакам дўстдек иш тутиб, сиёсий ва корпоратив пастликни эмас, балки ўзаро фаровонликни хоҳлашади", - дея хулоса қилган Помпео.