ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Жорий йилда тест синовлари 2 та фандан бўлади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида ўтган брифингда маълум қилинди.
Маълум қилинишича, жорий йилда фақат 2 та мутахассислик фанидан тест олинади. Бу йил 1 миллион 270 минг абитуриент ҳужжат топшириши кутилмоқда. Тест синовлари жорий йилда 3 сменада бўлади (ўтган йили 2 сменада бўлган).
Жорий йил тест синовларида худди ўтган йилгидек максимал 189 балл тўплаш мумкин. Тест саволларини ишлаш ва жавобларни белгилаш учун жами 3 соат вақт берилади.
Республика ОТМга кириш учун абитуриентлар 15 июндан 15 июлгача онлайн рўйхатдан ўтади.
Абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобиль телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.
Олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида ДТМ ҳамда муайян олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев мутасаддилар билан йиғилишда коронавирус пандемияси сабаб бу йил кириш имтиҳонларини соддароқ шаклда ўтказиш бўйича кўрсатма берган эди. ДТМ ҳам кириш имтиҳонлари учун 2 та фан қолдирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилган эди.