ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik, София Мельничук. Миннеаполиснинг қора танли фуқароси Жорж Флойдни полиция томонидан қўпол тарзда қўлга олиниши натижасида ўлимига олиб келгандан кейин бошланган тартибсизликлар, талончилик ва ўт қўйишлар тинмаяпти. Штатларнинг ярмида комендантлик соати жорий этилди, аммо маҳаллий ҳокимиятлар кўпинча деярли ҳаракатсиз. Полиция кучлари эса энди етмаяпти ва президент Дональд Трамп вандализм ва талончиликни тугатиш учун мунтазам армияни жалб қилмоқчи. Бу қадам президент учун нимаси билан хавфли, РИА Новости ўрганди.
Яна қонун ва яна тартиб
Америкаликлар Дональд Трампнинг халққа мурожаатини кутишган. Аммо президент иккиланиб, буни фақат 2 июнь куни, Вашингтонда витриналарни бузаётганда амалга оширди.
"Биз Жорж Флойднинг ўлимидан изтиробдамиз, - деб ўз нутқини бошлади у. - Аммо биз ғазабланган оломон тинч норозилик намойишини бостиришига йўл қўймаймиз. Асосий жарбланганлар - қонунга бўйсинувчи фуқаролар ва камбағал одамлар. Мен уларни ҳимоя қилиш учун курашаман".
"Мен қонун ва тартиб президентиман", - деди Трамп. Айтиш керакки, бу шиор Америкага яхши маълум.
1968 йилда мамлакат, шунингдек, нотинч пайтларда президент сайловларига тайёргарлик кўраётган эди: Веьтнам урушига қарши оммавий намойишлар, аёллар ва ирқий озчиликларни қўллаб-қувватловчи намойишлар. Таниқли қора танли ҳуқуқ ҳимоячиси Мартин Лютер Кинг, ва ундан кейин истиқболли сенатор Роберт Кеннедиларга уюштирилган қотилликлардан кейин Ричард Никсон "қонун ва тартиб" шиори остида сайловда қатнашди.
"Сиз битта нарсани тушунишингиз керак, бари муаммо қора танлиларда", - шундай тушунтирган уша пайт Оқ уй маъмурияти раҳбари Гарри Холдеман. Ўшандан бери қора танли америкаликлар орасида "қонун ва тартиб" полициянинг зулмини англатади.
Тинч намойиши тартибсизликларга айланди
Трамп ҳозирги ғалаёнларни ички терроризм деб атади. Президент халққа йўллаган мурожаатида, исёнчилар қўллари билан "уларнинг орзуларини бузилаётганини" томоша қилишга мажбур бўлган кичик бизнес эгаларини ҳам тилга олди.
Кўчалардаги талон-тарожларнинг видео-далиллари интернетни тўлдирди. Талончилар дўкон витриналарини чилпарчин қилишмоқда, буюмларни олиб кетишяпти, деворларни, дераза ва эшикларни бўяб ташламоқда. Масалан, Санта-Моникада Vans спорт кийимлари дўконидан деярли ҳамма нарсани ўғирлаб кетишган. Fox 11 телеканали мухбирлари йўловчилардан спорт поябзали қутиларни қаердан олишганини сўрашганда, улар жавобдан қочишган. Яқин атрофда биронта ҳам полициячи йўқ эди.
Бундай вазият бутун мамлакат бўйлаб кузатилмоқда. Ҳукуматнинг вандализмни тўхтатиш ҳақидаги чақириқлари беҳуда бўлмоқда. Мулклар тинч намойишчилар ва бизнес эгаларининг ўзлари томонидан ҳимояланмоқда.
Худди шу Санта-Моникада дўкон эшиги олдида бир қиз "Зўравонликни тўхтатинг" плакати билан турипти. Уни итариб юборишга уриндилар, ҳатто кириш жойига тутунли бомба ташладилар, лекин қиз чўчимади. Кўп ўтмай унга қора танли бир одам "Биз норозилик билдираяпмиз, талончилик қилмаяпмиз" ёзуви билан қўшилди. Бу ёшлар атайин шаҳар марказига исёнчиларни тинч намойишчиларга қаршилик кўрсатмасликлари учун келган.
Сан-Диегодаги воқеа менга рус мафияси ҳақидаги ҳазилларни эсга олишимга мажбур қилди. Унда собиқ СССР республикаларидан келган мигрантлар Pushkin ресторанини ҳимоя қилишди. Ресторан эгаси Айк Газарян РИА Новости мухбирига иқрор бўлди: у тезда ўзи ҳаракат қилиш кераклигини англади.
"Менинг кўп дўстларим, мен каби, республикачилар фикрини қўллаб-қувватлайдиганлар (норозилардан фарқли ўлароқ - таҳр.). Якшанба куни муаммолар бўлиши мумкинлигини тушунишим билан ҳаммага қўнғироқ қилдим - ярим соатда улар ресторанда бўлишди. Ўн икки киши, тўппонча ва милтиқлар билан қуролланган. Қуроллар қонуний, биз улардан фойдаланишга ўрганганмиз. Ўз биномизда ўзимизни ҳимоя қилиш учун фойдаланишга ҳақимиз бор", - дея тушунтирди Газарян. Улар нафақат Pushkin ресторанини, балки бир қатор қўшни дўконларни, шу жумладан, Ироқдан келиб чиқиши кекса одамнинг ароқ дўконини ҳам ҳимоя қилдилар.
Мамлакатнинг нариги томонида, Нью-Йоркнинг Бруклин қисмида, шаҳарликлар полиция ҳаракатсиз бўлиб турганида тартибни сақлаш учун патрулларга бирлашмоқда. "Биз бу ерда фақат мудофаа учун келганмиз. Биз ирқчиликка қарши курашни ва норозилик билдириш ҳуқуқини ҳурмат қиламиз. Аммо оиламиз билан яшайдиган жойни ҳеч ким вайрон қилишига ҳаққи йўқ. Нью-Йорк мэрига бизни ҳимоя қилмагани учун уят", - дейди патрул ташкилотчилари Айзек Болтянский ва Девид Бродский.
Ғазабланиш ҳуқуқи
Кўпчилик маҳаллий ҳокимиятларнинг ҳаракатсизлигидан норози. Нью-Йорк шаҳар мэри Билл де Блазиони талон-тарожларга йўл қўйиб берганликда айблашмоқда, унинг қизи яқинда кўчада тўқнашув вақтида ҳибсга олинган. Штат губернатори Эндрю Куомони ҳам танқид қилишмоқда, гарчи яқин вақтгача у коронавирус эпидемиясига қарши курашда қаҳрамон сифатида қабул қилинган бўлса ҳам. Душанба куни де Блазио, ҳарбийларни жалб қилиш хавфли, бу вазиятни янада ёмонлаштиради, деди. “Қуролли кучлар турар-жой туманларига кириб боришса бундан ҳеч ҳам яхши нарса бўлмайди”, - деди у. Шунга қарамай, кўчаларда полициячилар сони икки баравар кўпайди – тўртдан мингдан саккиз минггача. Шаҳарда комендантлик соати эълон қилинди.
Бошқа минтақалар раҳбарлари ҳам, асосан демократлар, Миллий гвардияни жалб қилишга шошилмаяптилар. Де Блазионинг ваъжларини Орегон губернатори Кейт Браун, Иллинойс штати губернатори Жей Роберт Прицкер, Невада - Стив Сисолак ва Мичиган - Гретчен Уитмерлар ҳам такрорламоқдалар. Вашингтон штати раҳбари Джей Инсли ҳарбий қисмларни тайёргарликка келтириб қўйди, аммо ҳозирча уларни шаҳарларга жойлаштирмади.
Ўз навбатида, Трамп ҳарбийларни шаҳсан ўзи кўчага олиб чиқиш билан таҳдид қилди. Президент, бош қўмондон бўлса ҳам, ўз хоҳишига кўра штатлар тудудида федерал қуролли кучларни жалб қила олмайди. Аммо, агар у 1807 йилги Қўзғолон тўғрисидаги қонунни қўлласа, Миллий гвардия унинг фармонига биноан, губернаторларга қарамасдан ҳаракат қилади. Сўнгги марта буни Жорж Буш 1992 йилда Лос-Анжелесдаги норозилик намойишлари пайтида қўллаган, унда тўртта полициячи қоратанлини уриб ташлагани учун норозиликлар бошланган. Бироқ губернаторларнинг норозилар билан муносабатларни ёмонлаштиришдан бош тортиши сиёсий характерга эга, дейди сиёсатшунос-американист Дмитрий Дробницкий. "Демократларнинг асосий вазифаси - Трампнинг иккинчи муддатга қайта сайланишига йўл қўймасликдир. Нимойишлар бўлмагунча одамларни карантинда ушлаб туриш мумкин эди. Энди уларга ғазабланиш ҳуқуқи берилди, - деди у РИА Новости'га. Трампни ёмон кўринишига мажбурлаш керак, чунки демократларнинг риторикаси кўра, у ирқчи ва жамиятга нафрат муҳитини уйғотди".
Агар шунча кунлик вайронагарчиликлардан сўнг, президент Миллий гвардия ёрдамида назоратни қўлга олса, у сиёсий очколарни қўлга киритади ва демократлар нима дейишининг аҳамияти бўлмай қолади. "Трамп, келинг ва ҳаммасини тартибга солинг"? – мана, ким учун иккиланаётган штатларда овоз беришади", - дейди эксперт.
Унинг таъкидлашича, мамлакатда ирқий камситиш ҳолати ҳақиқатан ҳам даҳшатли ҳолатда. Эътирозларни муҳокама қилишда буни унутмаслик керак.
Демократлар нафақат Трампнинг самарасизлигини намойиш этишни истайдилар, балки аҳолининг озчилик гуруҳларидаги сайловчиларни қўрқитиб қўймасликка ҳаракат қилмоқдалар, дейди НИУ ВШЭ Кенг қамровли Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари Дмитрий Суслов. "Улар оқтанли бўлмаган аҳоли орасида қўллаб-қувватлашни йўқотишдан жуда қўрқишади, чунки айнан афро-америкаликлар Жо Байденнинг сайловлардаги асосий устунларидан биридир", - дея эслатади эксперт.
Шу билан бирга, иккала томон ҳам қулаш ёқасида ўйин оборишмоқда, дея қўшимча қилади суҳбатдош. “Демократлар мўътадил ва иккиланаётган электоратни қўрқитиш хавфи остида, Трампни обрўсизлантиришга ҳаракат қилишмоқда. Трамп эса зўравонлик тўлқини ва ўлимларга олиб келиши мумкин бўлган янада қатъий чораларни кўрмоқда",- деди у.
Америка жамияти шундоқ ҳам бўлиниб бўлган. Намойишлар фақат қарама-қаршиликларнинг чуқурлигини тасдиқлади ҳолос. Оддий одамлар полициянинг зулмидан ҳам, талончилик билан талон-тарожлардан ғазабланишмоқда, демократлар ва республикачилар эса ҳамон келиша олмаяптилар. Катта Жорж Бушнинг сиёсий карьерасида Қўзғолон қонуни қандай рол ўйнаганини айтиш қийин. Аммо у 1992 йилда сайловда ютқазди. Трамп, кўринишидан, қатъийликка умид боғлади. Бу қандай натижа беради, вақт кўрсатади.